Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари кўрсатиш бўйича илғор халқаро тажрибани қўллашга зарурат бор
10:48 / 2024-01-08

Маълумки, 2018 йил 1 январда давлат хизматлари маркази томонидан 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 335 тани ташкил этмоқда.

Аммо мазкур соҳада айрим тизимли ва функционал муаммолар мавжудлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатилишида тараққиётга эришган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва бу борада уларнинг ютуқларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш муҳим аҳамият касб этади. 

Давлат хизматларини ривожлантириш маркази давлат муассасаси масъул ходими О.Хидиров давлат хизматлари кўрсатиш бўйича энг илғор тажриба ҳақида сўзлаб берди:  

– Давлат хизматлари кўрсатиш бўйича энг илғор тажрибага Грузияда амалга оширилган ишлар мисол бўла олади. 2004 йилдан бошлаб бу мамлакатда давлат бошқаруви тузилмасида туб ислоҳотлар даври бошланган бўлиб, мазкур жараён кейинги даврда электрон ҳукуматнинг жадал тараққий этишига туртки бўлди.  

Грузияда давлат хизматларини кўрсатиш, ривожлантириш ва назорат қилишнинг ягона бошқарув тизими йўлга қўйилган бўлиб, Адлия вазирлиги бу борада ягона сиёсатни юритувчи орган ҳисобланади. Ушбу вазирлик “Ягона дарча” тамойили асосида Адлия уйлари (давлат хизматлари маркази) томонидан кўрсатиладиган хизматлар билан биргаликда, онлайн давлат хизматларини кўрсатишни ташкил этишга ҳам масъулдир.  

Грузия Адлия вазирлиги ҳузурида рақамли бошқарув агентлиги (ваколатлари: ягона электрон хизматлар портали орқали фуқароларга онлайн давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш); Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги (ваколатлари: давлат хизматларини ривожлантириш, хусусий секторда инновацион хизматларни жорий этиш ҳамда фуқароларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини оптималлаштириб бориш, аҳолини умумий рўйхатдан ўтказиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, фуқаролик масалалари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш, миграция ҳамда ҳужжатларни апостиль ва легализация қилиш);  Адлия уйи (Давлат хизмати хусусий хизматлардан фарқ қилмаслиги ва бир хил даражада қулайлик, тезлик ва сифатга эга бўлишга эътибор қаратиши керак, концепцияси асосида ташкил этилган давлат хизматлари кўрсатилишига ваколатли ташкилот) ташкил этилган.  

Грузияда Адлия уйининг мамлакат бўйлаб 117 филиали мавжуд бўлиб, уларга кунига 20 мингдан ортиқ мижоз (маҳаллий ва хорижлик фуқаролар) ташриф буюради.  

Адлия уйи дастлаб бир неча давлат органлари, яъни Фуқароликни рўйхатга олиш агентлиги, Давлат рўйхатга олиш миллий агентлиги (кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларни рўйхатга олиш), Миллий архив, Ижро этиш миллий бюроси, Нотариат палатаси хизматларини интеграция қилган ҳолда, бу хизматларни бир бинода кўрсатиш учун ташкил этилган.  

Адлия уйининг ўзига хос жиҳати шундаки, фуқаролар давлат хизматлари ва қўшимча хизматлар (банк хизматлари, жумладан, нақд пул олиш, валюта айирбошлаш, тўловларни амалга ошириш, ҳужжатлардан нусха олиш, таржимонлик хизматлари)дан бир жойда туриб фойдаланиши мумкин.  

Шунингдек, Адлия уйида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари, ўз-ўзини суратга олиш кабинкалари, ҳар бир хона ва эшик олдида кўзи ожизлар учун зал ҳақидаги маълумотлар махсус тахтаси ўрнатилган бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари ва чет элликлар учун алоҳида-алоҳида йўлаклар ташкил этилган.  

Давлат хизматлари ҳудудларга нафақат филиаллар орқали, балки сайёр тарзда чиқиш орқали ҳам кўрсатилади. Сайёр хизматга махсус жиҳозланган микроавтобусларда борилади ва ариза юбориш билан бирга, жавобини ҳам шу жойнинг ўзида тақдим этиш имкони яратилган.  

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ваколатини ҳисобга олган ҳолда электрон давлат хизматларини жорий этиш ва хизматлар фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш тизимини ҳам ушбу вазирлик тузилмаси доирасида амалга оширишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.  

Зеро бу ўзгариш давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида юзага келадиган барча масалаларни тезкорлик ва ягона ёндашув асосида ҳал қилиш имконини беради.  

Н.Абдураимова,  

ЎзА