Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари кўрсатилиши такомиллашмоқда
15:47 / 2024-07-18

Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонида аҳоли гавжум бўлган ҳудудларга давлат хизматларини кўрсатадиган инфокиосклар ўрнатилиши белгилаб қўйилган эди.

Шу муносабат билан адлия вазирлиги ва Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан Чиноз туманининг Эшонобод маҳалласида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.  

Журналистлар Эшонобод маҳалласида 28 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган инфокиоск билан танишди. Эндиликда фуқаролар давлат хизматлари марказига бормасдан маҳалланинг ўзида ушбу инфокиоскдан тўлиқ 24/7 режимида фойдаланиши мумкин.  

Мазкур маҳаллада 4 минг 17 нафар аҳоли, 943 та оила истиқомат қилади. Президент фармонига мувофиқ, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ой маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирлари ўтказилиб, олис ҳудудлардаги маҳаллаларда сайёр давлат хизматлари кўрсатиш белгиланган.  

ОАВ вакиллари туман адлия бўлими, Давлат хизматлари маркази, Юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Адлия вазирлиги фаолиятининг барча йўналишлари “бир том” остида қулай, ортиқча вақт ва пул сарфламасдан олиш имконияти яратилган.  

– Ҳозиргача Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан “Ҳуқуқий тарғибот куни” лойиҳаси доирасида 286 та маҳаллада тадбир ўтказилиб, 976 та бепул юридик ёрдам кўрсатилди, – дейди Чиноз туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Мақсуд Энназараов. – Шундан “Темир дафтар”да 94, “Аёллар дафтари”да 298, “Ёшлар дафтари”да 165 ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган 224 нафар фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акциялари доирасида 16 минг 438 та, “Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам” бўйича 216 та тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.  

А.Мусаев, ЎзА мухбири