Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари келгуси ойдан жойларга чиққан ҳолда кўрсатилади
15:44 / 2023-09-12

Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар ҳақида брифинг ташкил этилди.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августда “Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, – деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. – Қарор билан давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.  

Регламентга кўра, давлат хизматлари Адлия вазирлигининг алоқа маркази (“сall-марказ”)га ёки унинг расмий веб-сайтига мурожаат қилиш орқали кўрсатилади.  

“Call-марказ” орқали сўровномалар соат 09:00 дан 18:00 гача иш вақти давомида қабул қилинади. Расмий веб-сайт орқали сутканинг исталган вақтида мурожаат қилиниши мумкин.  

Хизматларни кўрсатиш вақти давлат хизматлари марказлари (ваколатли орган)нинг иш вақти доирасида белгиланади. “Call-марказ” масъул ходими ариза берувчи номидан сўровномани тўлдиради ва сўровномадаги маълумотлар тасдиқлангандан сўнг ариза берувчига тўлов инвойсини юборади. 

Сўнг масъул ходим ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган жойга чиқади ҳамда махсус техник қурилмалар ёрдами (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар)да давлат хизматини кўрсатади ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юборади (сўровномада белгиланган муддатларда).  

Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 50 фоизи, вилоят марказларида БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.  

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.  

Шунингдек, ушбу регламент миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришга, Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.  

Жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш 2023 йил 1 октябрдан бошланади.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА