Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари: энг кўп қайси соҳаларда қонун бузиляпти?
17:15 / 2025-12-11

Қонунчилик палатаси мажлисида давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинар экан, депутатлар соҳада ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлигига эътибор қаратди.

Хусусан, 400 га яқин давлат хизматларнинг ҳали электрон шаклга ўтказилмагани, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда инфокиосклар етарли эмаслиги фуқароларнинг рақамли хизматлардан тўлиқ фойдаланишига тўсиқ бўлмоқда.  

Шунингдек, давлат органларининг электрон ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилинмагани, айрим идораларда ҳужжатлар алмашинуви секинлиги ва қайд этиш жараёнларида инсон омилининг юқорилиги ортиқча бюрократияга, ижро муддатларининг бузилишига, фуқаролардан асоссиз ҳужжатлар талаб қилинишига, хизматларнинг сифати ва тезкорлигига салбий таъсир қилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, бир қатор саволлар билан вазирга юзланди.

Жавлон Абдуллаев, депутат:

– Давлат хизматлари соҳасида энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари соғлиқни сақлаш, кадастр ва қурилиш соҳаларида қайд этилган. Бу каби ҳолатларнинг сабаб ва омиллари вазирлик томонидан таҳлил қилиняптими? Қандай чоралар кўриш режалаштирилган?

– Бу борада энг, аввало, қонун бузилиш ҳолатларининг омиллари билан курашиш лозим. Сабаблари ўрганилганда, биринчи ўринда ходимлар сони етмаётгани аниқланди ва тегишли мутасаддиларга таклифлар киритилди. Ходимларнинг тез-тез ўзгариб туриши ҳам сабаб бўляпти. Шунингдек, ахборот тизимларида, ҳужжатларда ортиқча жараёнлар кўп. Бу борада ҳам босқичма–босқич ишлар олиб бориляпти.  

Шу билан бирга, энг катта масала рақамлаштириш жараёнларида муддатлар чўзилиши билан боғлиқ. Яна анъанавий тарзда кўрсатилаётган хизматларни назорат қилиш  имконияти йўқлиги ҳам қонун бузилишларга олиб келади.  

Бу каби ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда, – деди вазир А.Тошқулов.

Муҳтарама Комилова, ЎзА