Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари агентлиги фаолияти – қисқа сатрларда
16:52 / 2022-01-17

Наманган вилояти Поп туманида тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов бошчилигида сайёр қабул ўтказилди.

Унда, барча ташкилот ва муассасалар қатори Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ҳамда туман давлат хизматлари маркази ходимлари иштирок этди.  

Дастлаб, соҳадаги ўзгаришлар тизимда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Аҳолининг субсидия олиш, тадбиркорлик, кадастр, коммунал соҳасига доир саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди. Шундан сўнг, сайёр хизмат кўрсатилди. Бунда 32 киши сайёр хизматдан фойдаланиб, 50 га яқин фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 


**** 

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида ҳафтанинг белгиланган кунларида “Сайёр хизмат” тадбирлари ўтказилмоқда. Бунда, айниқса ногиронлиги бор, кекса ёшдаги фуқароларга алоҳида эътибор қаратилади. 

Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани давлат хизматлари марказига 1940 йилда туғилган фуқаро Инифа Абдуразак мурожаат йўллади. Шунга асосан борган ходимлар унга электрон рақамли имзо олишда яқиндан ёрдам берди. 


**** 

Давлат хизматлари марказлари орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 160 дан ортиқ хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Фуқароларнинг сифатли хизмат олиши учун зарур шароитлар яратилиб, уларнинг вақти ва ортиқча маблағи тежалишига кўмаклашилмоқда. Биргина, давлат хизматларидан онлайн фойдаланган фуқаро кўплаб имкониятларга эга бўлади. Масалан, коммунал соҳага оид хизматдан масофадан туриб фойдаланган фуқаро биринчи галда хизмат нархини 10 фоиз миқдорда кам тўлайди. Бу дегани бир фуқаро ҳам вақтдан ютади ҳам пул маблағи тежалади. 


**** 
 

Аҳоли учун яна бир қулайлик – Наманган шаҳар давлат хизматлари марказининг автотураргоҳида “DXМ drive” хизмати ишга туширилди. Янги Наманган туманидаги Оромгоҳ маҳалласида яшовчи Маматхон Бойхоновнинг набираси ўз бобосини давлат хизматлари марказига туғилганлик ҳақида маълумотномани олиш учун олиб келгани, лекин марказда кутиб туришга имкони йўқлигини ходимларга билдирди. Унга, ўз автоуловидан тушмаган ҳолда хизматдан фойдаланиш имкони яратилди. Отахон бундай қулайликдан мамнунлигини билдирди. 

**** 

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Қуймозор маҳалласида истиқомат қилувчи 1920 йилда туғилган Робахон ая Ғаниева яшаш хонадонининг ҳужжатларини тартибга келтириш мақсадида туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилди. Икки асрни кўрган онахоннинг мурожаати қаноатлантирилиб, марказ ходимлари томонидан сайёр хизмат кўрсатилди. 

Шунингдек, Учқўрғон тумани давлат хизматлари маркази ходимлари “ДХМ-маҳалла-фуқаро” тамойили асосида “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб борди. Тадбир давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 15 дан ортиқ сайёр хизмат кўрсатилди. Жумладан, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи 75 ёшли Муҳаммаджон Шарипов хонадонига бориб, кадастр паспортини шакллантириш ва пенсия миқдорини аниқлаш бўйича сайёр хизмат кўрсатилди. Маълумот ўрнида, Наманган вилоятида ўтган 2021 йил мобайнида 14 та давлат хизматлари маркази томонидан 20 минг 157 та сайёр хизмат кўрсатилган. 
 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА