Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматини модернизация қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш замон талаби
19:43 / 2022-05-12

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари давлат хизматчилари учун “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳурмат қилиш” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.

Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Конференция Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “2020-2023 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастурида назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида Адлия вазирлиги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади – давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш учун етук халқаро ва миллий экспертларни бирлаштирадиган очиқ мулоқот майдонини ташкил этишдир.

Конференцияда маҳалий иштирокчилар билан бир қаторда Европа давлатларидан, хусусан, Германия, Франция, Португалиядан ташриф буюрган экспертлар ва мутахассислар, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан ташриф буюрган адлия, давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматини ривожлантириш ҳамда бошқа давлат идоралари раҳбарлар ва мутахассислари қатнашмоқда.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини таъкидлар экан, хусусан, давлат институтлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, иқтисодиётда давлат ролини қисқартириш бўйича тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилганига эътибор қаратди.

[gallery-7073]

Маълумки, Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, давлат институтлари фаолияти самарадорлигини таъминлашга қаратилган учта асосий қонун қабул қилинган. Булар “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунлардир. Давлат хизматини ташкил этишни тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида давлат хизматчиларининг касбий корпусини яратишга масъул бўлган алоҳида идора ташкил этилди.

Вазир Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи бошланганини таъкидлар экан, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида бир-бирини такрорлайдиган тузилмалар ва функцияларни оптималлаштириш, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартибини, уларнинг тузилмаси ва штат жадвалига қўйиладиган талабларни белгилаш йўли билан “ихчам ҳукумат”ни яратиш кўзда тутилаётганини қайд этиб ўтди.

Қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда давлат институтларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистонда қонун устуворлиги индекси жорий этилган, унда республиканинг ҳудудларида қонун устуворлигини таъминлаш ҳолати рейтингидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади.

Конференция тўртта сессияга бўлинган ҳолда бўлиб ўтмоқда. Тадбирнинг биринчи кунида иккита сессия бўлиб ўтади. “Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш ва Қонун устуворлиги тамойиллари: конституциявий ва ҳуқуқий чоралар” деб номланган биринчи сессияда давлат ҳокимиятини амалга оширишни тартибга солувчи модель сифатида қонун устуворлиги масалалари муҳокама қилинган бўлса, “Фуқароларга сифатли давлат хизматлари кўрсатиш: стратегиялар, инновациялар, рақамлаштириш” масалаларига бағишланган иккинчи сессияда эса иштирокчилар эътиборини мазкур йўналишда стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига қаратди.

Конференцияда 13 май куни давлат бошқаруви, давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат хизматини ривожлантириш мавзуларига оид турли долзарб масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири