Янгиланаётган Конституцияда таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш каби салбий иллатлар бекор бўлиб, кадрларнинг билим ва салоҳиятини замонавий услублар асосида баҳолаш йўли билан танлашга замин яратилади.
Хўш, янги таҳрирда тасдиқланиши кутилаётган Конституцияда давлат хизматига кириш билан боғлиқ қандай меъёрлар белгиланди?
– Конституция лойиҳасининг 37-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар», деган қоида киритилмоқда, – деди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департаменти мудири Боту Алимов. – Ушбу қоида Конституциянинг «Сиёсий ҳуқуқлар» бобида акс этаётганлиги муҳим амалий ва сиёсий-ҳуқуқий асосга эга.
БМТнинг 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 21-моддасида «Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга», деб белгиланган. Шунингдек, «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги Халқаро пактнинг 25-моддаси мазмунида ҳам ҳар бир фуқаро ҳеч бир камситишсиз ва асосланмаган чеклашларсиз ўз мамлакатида умумий тенглик шартларида давлат хизматига кириш ҳуқуқи ҳамда имкониятларига эга бўлиши кераклиги мустаҳкамланган.
Юқоридаги қайд этилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон ратификация қилган. Мазкур сиёсий ҳуқуқнинг янги таҳрирдаги Конституцияда акс этаётгани халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий конституциявий қонунчиликда имплементация қилинаётгани сифатида баҳоланади.
Конституцияга мазкур қоиданинг киритилиши натижасида «давлат хизмати» деган тушунча ва бу орқали давлат хизмати тизими Асосий қонун даражасида ҳуқуқий асосга ва конституциявий мақомга эга бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Конституция даражасида мустаҳкамланган сиёсий ҳуқуқлари доираси кенгаймоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигининг ошаётганидан далолат беради.
Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқароларга давлат хизматига киришда ҳуқуқларнинг тенглиги Асосий қонун даражасида кафолатланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаш йўли билан меритократия тамойилининг янада кенгроқ рўёбга чиқишига замин яратилмоқда.
Давлат хизмати тизимига салоҳиятли кадрларни кенг жалб қилиш орқали давлат бошқарувининг самарадорлиги ва барқарорлигини таъминлашга шароит яратилади.
Илгари фуқароларнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқлари очиқ-ойдин белгиланмаган. Давлат хизматига киришда очиқлик, тенглик, тортишувчанлик ва шаффофлик ўрнатилмаган эди. Ҳозирги глобаллашув шароитида, шиддат билан ўзгариб бораётган замонда инсон ресурсларининг қиймати ортиб бормоқда, давлат хизматига юқори салоҳиятли кадрларни саралаб олиш тизими жорий этилмоқда.
Бугунги кунда меритократия тамойили асосида, яъни энг муносиб номзодларнинг танлов асосда саралаб олиш йўли билан давлат хизматига жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Шу кунга қадар 400 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларида танлов тизими жорий этилган бўлиб, уларда 1 миллион 382 минг 718 нафар фуқаро иштирок этди. Натижада улардан 46 минг 598 нафари билим ва салоҳияти нуқтаи назаридан муносиб, деб топилиб, давлат хизмати лавозимларини эгаллади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши давлат хизматига киришда барча фуқароларга тенг шарт-шароитлар яратади. Кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш каби салбий иллатлар бекор бўлади. Кадрларнинг билим ва салоҳиятини замонавий услублар асосида баҳолаш йўли билан энг муносибларини хизматга тизимли жалб қилишга асос яратилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА