Ҳар бир давлатнинг ривожланиши, тараққиёт ва ўсиши кўп жиҳатдан малакали, билимли кадрларга боғлиқ.
Ривожланган давлатлар тажрибаси иқтидорли мутахассисларнинг давлат хизматларига жалб этилишида муҳим омил сифатида самарали тизим жорий этилганлигини кўрсатмоқда.
Юртимизда ҳам энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига жалб этишда очиқ мустақил танлов асосида амалга ошириш тизимини жорий этишга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат хизматига киришда мамлакатимиз фуқаролари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилиши махсус норма билан мустаҳкамланди.
Кейинги йилларда давлат хизматига қабул қилиш очиқ танлов асосида ўтказилиб, кадрларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолият “тенг ҳуқуқлилик” тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Бош қомусимизда фуқароларимизнинг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга бўлишининг кафолатланиши, давлат хизматининг рақобатдошлигини, очиқлигини ва профессионаллигини оширади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Навоий вилоятида vacancy.argos.uz портали орқали 39 та ҳудудий давлат органи ва 144 та туман (шаҳар) бўлимларининг 812 та вакант ўрни учун танловлар ўтказилган. Ушбу танловларга 14 мингдан ортиқ номзод ҳужжат топширган ва 5 минг 400 дан ортиқ номзод давлат хизматига кириш учун танловнинг тест босқичида ўз билимларини синаб кўришган. Якунда уларнинг 180 нафардан зиёдроғи давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.
Вакант лавозимлар учун энг кўп танловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси (33 та), вилоят Давлат солиқ бошқармаси (18 та), Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (15 та) тизимида ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар ишга қабул қилинганлардан 56 нафари 30 ёшгача бўлган кадрлар бўлса, 17 нафари давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган.
Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Энди кадрларни бошқаришга оид ҳужжатлар ягона платформада юритилади.
Қарор билан Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни hrm.argos.uz электрон платформасида шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид ҳужжатлари электрон платформада (hrm.argos.uz) шакллантирилади ва юритилади.
Кадрларга оид маълумот ва ҳужжатлар, жумладан, давлат органи тузилмаси, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари, қўшимча битимлар, вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ЯММТ (my.mehnat.uz)га, қабул қилинган ички идоравий ҳужжат (буйруқ, қарор ва фармойиш)ларни ижрога қаратиш учун edo.ijro.uz ахборот тизимига ва ходимларга ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун зарур маълумотлар UzASBO дастурий мажмуасига автоматик юборилади:
Кадрлар танлашнинг шаффоф ва адолатли тизимини яратиш, ёшларни раҳбарлик лавозимларга тайёрлаб бориш, давлат хизматчиларининг узлуксиз малака ошириб бориши каби йўналишларда туб ислоҳотлар олиб борилаётгани мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати, хусусан, давлат хизматлари кўрсатиш сифатининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Музаффар Турдимов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Навоий вилояти филиали Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори.
ЎзА