English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматига кадрлар танлашда хорижий тажриба
11:22 / 2021-08-04

Ҳар бир давлатда ҳар доим кадрлар масаласи бирламчи бўлади.

Кўп ҳолларда кадрлар сиёсатини ислоҳ қилиш зарурати пайдо бўлади.  

Хорижий давлатларда бу борадаги ишлар қандай?

АҚШда 1978 йили Фуқаролик хизматини ислоҳ қилиш Қонуни қабул қилиниши билан давлат хизматчилари фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи учта орган –ходимларга раҳбарлик бошқармаси, алоҳида маслаҳатчи бошқармаси ҳамда хизматлар тизимини муҳофаза қилиш кенгашлари ташкил этилган.  

Шунингдек, мазкур қонун билан ташкил этилган янги органлар олдига давлат хизматчиларини танлашда учта турлича вазифа бириктирилган бўлиб, улар бир-бирининг фаолиятига аралашмайди.

Масалан, биринчи орган – ходимларни танлаш, ўқитиш ва илгари суришни бошқариш билан шуғулланса, иккинчи орган – давлат хизматчилари фаолиятидаги ҳуқуқий-меъёрий бузилиш ҳолатларини ўрганиш ва суриштириш билан шуғулланади. Учинчи орган эса ҳуқуқбузарликлар устидан давлат хизматчиларининг жавобгарлиги масаласида қарор чиқаради.  

Ишга қабул қилишда аризани кўриб чиқиш, имтиҳон ёки суҳбат ўтказиш, ишончлиликни текшириш, лавозимга номзодни тўғри танлаш, синов муддатида текшириш каби жиҳатларга эътибор қаратилиб, танлов имтиҳонлари ёзма ва оғзаки шаклда ўтказилади ва номзодларнинг малакаси ва лавозимга лойиқлиги текширилади. Синов муддати қонунга кўра, бир йил бўлиб синовдан ўтмаган номзодлар, ўзининг аввалги лавозимига тенг лавозимга, ойлиги кам бўлмаган ҳолда тайинланиш ҳуқуқини олади. Имтиҳон талаблари Кадрлар хизмати бошқармаси билан келишилган ҳолда ўтказилади.  

Сингапур Давлат хизмати ходимларини тайёрлаш институтида 1993 йилда юқори лавозимли амалдорларни тайёрлаш мақсадида Давлат хизмати коллежи очилган. Ҳозирги кунда ҳар бир амалдор йилига 100 соатлик тайёрлов машғулотларини ўташи шарт.

Сингапур давлат хизмати Осиёдаги энг самарали тизимлардан бири саналади. Ушбу самарадорлик қатъий интизом, амалдорларнинг меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги, коррупциянинг паст даражаси, меритократия тамойиллари асосида иқтидорли ходимларнинг ишга қабул қилиниши, компаниялар томонидан тақдим қилинаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида мунтазам равишда амалга ошириладиган юқори тайёргарлик, мамлакат сиёсий етакчилари томонидан юқори талабларнинг қўйилиши, такомиллашишга бўлган тинимсиз интилишнинг самарасидир.  

Буюк Британияда – Фуқаролик хизмати комиссияси 1991 йилда тузилган бўлиб, юқори мансабга даъвогар шахслар ушбу комиссияга мурожат этади. Комиссия томонидан ёзма синов ва суҳбат орқали танлов тадбиқ этилиб, синовлар Кембридж ва Оксфорд уневерситетлари дастури асосида амалга оширилади.  

Маъмурий бошқарув органига номзодлар университетларнинг 20-28 ёшдаги битирувчилари орасидан аризага асосан олинади. Синовлар маъруза шаклида, тест ва суҳбат орқали амалга оширилади. Танловдан муваффақиятли ўтганларга комиссия хизматчи гувоҳномасини беради ва бу номзодга мувофиқ келадиган мансабга тайинланиш имконияти, деганидир.

Германия қонунчилигига кўра, давлат хизматининг мансабдор шахслари 4 та даража (ранг)га бўлинади: 1) кичик; 2) ўрта; 3) катта; 4) олий даражали. Мансабга тайинланадиган номзоднинг шахси аниқлангандан сўнг, бу шахс синов муддатини ўташи лозим. Синов муддати мансабдорнинг даражасига қараб: кичик даражадаги мансабдор 1 йил, ўрта даражадагилар 2 йил, катта даражадагилар 3 йил, олий даражадагилар эса 4 йил синов муддатини ўтайди.

Японияда давлат хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари маъмурий, дипломатия ва суд соҳаларидан иборат. Япония давлат хизмати кадрлари дейилганда, нафақат бошқарув хизмати мансабдорлари, балки давлатга қарашли бўлган барча корхоналар, давлатга қарашли темир йўл, телевидение, мактабларда фаолият юритаётган ходимлар ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш кучларида фаолият юритаётган ҳарбийлар ва полиция хизматчилари тушунилади.

Япониядаги мавжуд бошқарув тизими йўлга қўйилган “умрбод ёлланиб ишлаш”, “кадрлар ротацияси”, “иш жойида қайта тайёрлаш”, “меҳнатга ҳақ тўлаш тамойиллари”ни асос сифатида кўриш мумкин.  

Японияда давлат хизматига танланишда ҳар бир фуқаро тенг имконият ва ҳуқуқларга эга эканлиги конституция нормалари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Давлат хизмати мансаблари учун ўтказиладиган имтиҳонларга фақат Япония фуқароси бўлган номзодларгина қўйилади. Давлат хизматининг баъзи бир махсус соҳалари учун яна қўшимча чекловлар ҳам қўйилган. Масалан, чет эллик фуқаро билан турмуш қурган даъвогар ҳеч қачон Ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинмайди.  

Алишер Абдувалиев,  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти филиали Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори.

ЎзА