Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматига ишга киришдаги қоғозбозликка чек қўйилди, лавозимни эгаллаш учун эса салоҳият бўлса бас
15:36 / 2022-11-08

Давлат хизматига ходимларни ишга қабул қилишда ўнга яқин ҳужжат талаб қилинган. Эндиликда бундай қоғозбозликка чек қўйилмоқда.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг my.argos.uz платформасида давлат хизматчилари тўғрисида барча маълумотларни жамлаш имконияти яратилди. Ушбу тизим орқали давлат фуқаролик хизматчиси ўз фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ишлаши ва қўшимча интерактив хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга. Мазкур платформа вакансиялар портали билан интеграция қилинган.  

Қўшимча қулайлик сифатида мазкур электрон тизимда номзодларнинг меҳнат фаолияти билан бир қаторда малака оширгани ҳақидаги сертификатлар, билими бўйича тестлар натижалари, рағбатлантириш ва қўлланилган интизомий чоралар, шунингдек, фойдаланувчининг тана вазни индексларини кузатиш имконияти яратилган.  

Тизимда янгиланган маълумотлар давлат фуқаролик хизматига ишга кирмоқчи бўлган номзоднинг вакант лавозимлар ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz)даги шахсий кабинетига автоматик тарзда келади.  

Энди давлат фуқаролик хизматига кириш учун номзодлар қоғозлар тўпламидан иборат шахсий варақа (объективка) ва бир қанча маълумотномаларни кўтариб давлат органлари ва ташкилотларига сарсон ва овора бўлиб юрмайди. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали автоматик тарзда унинг электрон аризасида акс этади. Бунинг учун электрон платформага кириб, 3-4 қадамдан иборат ҳаракат орқали ўзларига муносиб вакант лавозимга ариза юбориш кифоя.

Президентимиз раислигида 2022 йилнинг 4 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат органлари ва ташкилотларида 2022 йил 1 ноябрдан эски намунадаги “объективка” билан чекланмасдан, ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтиш вазифаси топширилди.  

Топшириқ ижроси сифатида давлат фуқаролик хизматининг раҳбарлик лавозимлари захирасига киритилган ходимларнинг шахсий маълумотлари, кўникма ва компетенциялари ҳамда меҳнат фаолияти, шунингдек, ассессмент натижалари бўйича кўрсаткичлардан ташкил топган электрон портфолио ишлаб чиқилди.  

Портфолионинг алоқа маълумотлари қисмида шахсий маълумотлар, соғлиги ва жисмоний ҳолати бўйича, маълумоти ҳамда меҳнат фаолияти қисмида малака оширганлиги, меҳнат фаолиятидаги ютуқлар, фаолият самарадорлиги ва қўшимча маълумотлар киритилади. Ассессмент натижалари қисмида эса ходимнинг психологик портрети ва психологик хулоса, билими бўйича тест натижалари, суҳбат натижалари ҳамда ходим учун зарур тавсиялар акс этган.  

Ушбу янги тизим ортиқча оворагарчилик ва бюрократияга барҳам бериб, муносиб кадрларни давлат хизматига танлаб олиш, лавозимда ўстиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА