English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматида кадрлар захираси муҳим аҳамиятга эга
08:35 / 2023-03-07

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, давлат фуқаролик хизматининг раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 25-моддасида “Миллий кадрлар захираси давлат фуқаролик хизматчиларининг раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган ҳолда саралаб олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш тизимидир, деб мустаҳамлаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 4 август куни давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган номзодларни махсус билим ва психодиагностик тест синовларидан ўтказиб, улар орасидан 1000 нафарини танлаб, салоҳиятли кадрлар резервига киритиш вазифаси белгиланган эди.

Салоҳиятли кадрлар захирасини яратиш ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган амалий ишларнинг мантиқий давомидир. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг Навоий вилояти филиали томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

– 2022 йилнинг сентябрь-октябрь ойлари давомида вилоятдаги 330 та маҳалладаги 990 нафар ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари орасидан сектор раҳбарлари ва йўналишлар бўйича туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарларининг хулосалари ҳамда “360” даража баҳолаш натижаларига кўра, дастлаб 83 нафар номзодлар саралаб олинди, – дейди Филиалнинг Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори Акмал Шакаров. – Саралашнинг кейинги босқичи тест босқичидан 65 фоиз ва ундан юқори натижаларни қайд этган ҳамда олдинги иш жойлари ва меҳнат стажлари ҳисобга олинган ҳолда 60 нафар номзод сараланиб олинди. Сўнгги босқич суҳбат натижаларига кўра, улардан 35 нафари сараланиб, салоҳиятли кадрлар захирасига киритилди. Улардан 27 нафари ҳоким ёрдамчилари, 6 нафари ёшлар етакчилари, 2 нафари хотин-қизлар фаоллари ҳисобланади. Салоҳиятли кадрлар захирасига сараланган номзодларнинг касбий ва шахсий компетенцияларини ривожлантириш мақсадида ҳар бири ўзининг 6 ойга мўлжалланган шахсий ривожланиш режаларини ишлаб чиқишди.

Ушбу шахсий режа таълим, амалиёт, илмий-ижодий фаолият, китоб мутолааси каби йўналишлардан иборат бўлиб, шахсий режанинг бажарилиши мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

– Иш режага мувофиқ жорий йилнинг январь ойида барча захирага олинган 35 нафар салоҳиятли кадрлар давлат фуқаролик хизматчилари учун мўлжалланган 50 соатлик масофавий курсларда ўқитилиб, сертификатларга эга бўлдилар. Бундан ташқари, номзодлар ўз-ўзини ривожлантириш мақсадида онлайн ва анъанавий ўқув курсларида билим ва малакаларини оширмоқдалар, тавсия этилган китобларни мутолаа қилмоқда.  

Стажировка якунлари бўйича номзодлар стажировка раҳбари томонидан меҳнатсеварлиги, интизомлилиги, масъулиятлилиги, саводхонлиги, лидерлик хислати, касбий профессионализми, одоби ва муомала маданияти каби йўналишлар бўйича баҳоланди. Галдаги вазифамиз ушбу захирага киритилганлар ичидан фаолияти юқори баҳоланган ва кўрсаткичлари баланд бўлган номзодларни Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида ўқитиш, – дея фикрини давом эттиради А.Шакаров.  

Бугунги кунда давлат фуқаролик хизматини рақамлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, захира кадрлар бўйича ҳам алоҳида zaxira.argos.uz электрон платформаси ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг февраль ойидан тажриба синов тариқасида амалиётга жорий этилганлиги муҳим янгиликлардан биридир.

Ушбу электрон платформада номзодлар тўғрисида тўлиқ маълумот, уларнинг билим тести, психологик тестлар, суҳбат ва KPI (рейтинг) натижалари, келгусида тавсия этиладиган лавозими, шунингдек, шахсий ривожланиш режалари ва уларнинг бажарилиши электрон тарзда киритилиб, мониторинг қилиб борилади.

Айни пайтда номзодлар шахсий ривожланиш режаларига кўра, ўзлари белгилаган давлат идораси ва ташкилоти, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида стажировка ўтаб, келгусидаги фаолиятлари самарадорлигини янада ошириш учун зарур бўлган билим, малака ва кўникмаларини ривожлантириш, амалиёт раҳбарларидан эса тажрибаларни ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА