Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–243-сон Фармони давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, самарадорликни ошириш ва натижага йўналтирилган ёндашувни жорий этишга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу Фармон давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизими (НАБТ)ни тажриба-синов тарзида жорий этишни белгилайди.
НАБТ — бу давлат органлари фаолиятини бошқаришда стратегик мақсадларга эришишга устуворлик берадиган инновацион ёндашув бўлиб, анъанавий бошқарув тизимларидан фарқли ўлароқ, жараёнларга эмас, балки аниқ натижаларга эришишга қаратилган жараёндир.
Масалан, аввалги тизимда раҳбарнинг фаолияти фақат белгиланган вазифаларни бажаргани ёки бажармаганига қараб баҳоланса, НАБТда унинг вазифаларини бажариш оқибатида нималарга эришилганига қараб ўлчанади. Бу моделнинг асосий мақсади — давлат хизматининг самарадорлигини ошириш орқали фуқаролар манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилишдир.
Фармонга мувофиқ, НАБТ 2026 йил 1 январдан тажриба-синов тарзида қуйидаги давлат органларида жорий этилади:
– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
– Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
– Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
– Наманган ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октабрдаги ПҚ-298-сон қарорида белгиланган «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомига эга 33 та туман (шаҳар) ҳокимликлари.
Ушбу тажриба-синов жараёнлари Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Бунда Агентлик натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқади, унинг жорий этилишини услубий жиҳатдан таъминлайди ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришилганлигини samaradorlik.gov.uz электрон платформаси орқали мониторинг қилади.
Фармон НАБТнинг қуйидаги асосий хусусиятларини белгилайди:
– Мақсад ва натижаларни аниқ ўлчовли шаклда белгилаш. Ҳар бир вазифа учун аниқ индикаторлар (KPI) ўрнатилади, улар Агентлик томонидан шакллантирилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
– Жараёнлар эмас, натижалар асосида режалаштириш ва бошқариш. Фаолият натижаларга йўналтирилади, бу эса ресурсларни ортиқча сарфлашнинг олдини олади.
– Натижаларни тасдиқловчи кўрсаткичлар орқали баҳолаш. Эришилган натижаларни баҳолаш ва тасдиқлаш электрон платформалар орқали рақамлаштирилади, бу инсон омилини чеклайди, шаффофликни таъминлайди ва ортиқча бюрократик омилларни қисқартиради.
– Раҳбарларнинг шахсий масъулиятини белгилаш. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари соҳавий даражадаги натижалар учун жавобгар бўлади. Улар ходимларнинг шахсий натижадорлиги асосида уларни рағбатлантириш ёки интизомий чора кўриш ҳуқуқига эга бўлади.
-Chief Evaluation Officer (CEO) институти. Ҳар бир органда раҳбар ўринбосарларидан бири натижадорликни таъминлашва баҳолаш бўйича масъул этиб белгиланади.
НАБТнинг татбиқ этилиши давлат бошқарувини ислоҳ қилишга хизмат қилади. Ушбу тизим бошқарув фаолиятини бевосита натижаларга йўналтириш орқали хизмат кўрсатиш сифати ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Шу билан бирга, ҳар бир раҳбар ва ходим учун аниқ вазифаларнинг белгиланиши ҳамда ижронинг электрон мониторинг қилиниши тизимда очиқликни таъминлаб, коррупция хавфини камайтиради ва ҳисобдорликни кучайтиради. Энг муҳими, ушбу механизм вазирлик ва идораларнинг иш жараёнларини “Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан стратегик жиҳатдан мувофиқлаштириб, мавжуд имкониятларни ягона миллий мақсадлар атрофида бирлаштиради.
Ғолибжон Абдуазизов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Бошқарув самарадорлиги агентлиги
Йиғма ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи