Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган 143 нафар ёш раҳбар аёллар ўқитилди.
Ўқувлар якунларига кўра, тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилди. Ҳозирда дастурда иштирок этган хотин-қизларнинг 46 нафари юқори раҳбарлик лавозимларига тайинланди.
Агентлик томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда 4-мавсум саралаш жараёнини ташкиллаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган хотин-қизлар орасидан 300 нафар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тавсияси билан юқори натижа кўрсатган, етук ва ташаббускор 250 нафар аёл мактаб директорлари саралаб олинди. Бунда, жами 550 нафар салоҳиятли хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди.

Саралаб олинган номзодларнинг билим даражасини аниқлаш учун ўтказилган Миллий кадрлар захираси тест синовларидан муваффақиятли ўтган 141 нафар хотин-қиз билан 2024 йил йил 14-21 ноябрь ҳамда 16-20 декабрь кунлари комиссия суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур суҳбат жараёнида Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари иштирок этди.
Тест синовлари ва суҳбат натижаларига асосан энг юқори натижаларга эришган 100 нафар хотин-қиз “Раҳбар аёллар мактаби”нинг янги мавсуми ўқувларида иштирок этиш учун тавсия этилди. 2025 йилнинг 15 январидан янги мавсум учун саралаб олинган 100 нафар номзод учун “Раҳбар аёллар мактаби” дастури бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида махсус ўқувлар бошланди.
Ўқув дастури режаси 12 ҳафтага мўлжалланган бўлиб, аудитория машғулотлари, маҳорат дарслари, маҳаллий ҳамда вазирлик ва марказий идораларда стажировка амалиёти, лойиҳа ишини тайёрлаш ва уни ҳимоя қилиш босқичларидан иборат. Мазкур мавсум учун ўқув дастури Агентлик ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан ҳамкорликда такомиллаштирилди.
Хусусан, ўқув дастур, аввало, давлат фуқаролик хизматида фаолият юритаётган раҳбар аёлларнинг стратегик фикрлаш, тадбиркорлик, молиявий саводхонлик, тизимли таҳлил, сунъий интеллект асослари, муаммоларни манзилли ҳал этиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилди.
Дарс машғулотларига Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, тижорат банкларининг тажрибали раҳбар ва мутахассислари жалб этилди. Жумладан, ўқув жараёнларида Сенат раиси, сенаторлар, вазир ўринбосарлари, қўмита раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, тадқиқотчи олимлар, хорижий ташкилотларнинг вакиллари, таниқли тадбиркор, психолог ва экспертлар жалб этилди.
Тингловчиларнинг Сенат, Рақамли технологиялар вазирлиги, IT-Парк, А.Авлоний номидаги пeдагогларни касбий ривожлантириш ва янги мeтодикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтига ташрифлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, мавсум тингловчиларининг “Биринчи қалдирғоч (“Маъсума”)” спектакли ва “Чўлпон” драмаси томошаси учун Ўзбек миллий академик театрига ташрифлари ташкил этилди.
Ўқув дастури доирасида тингловчилар амалий кўникмаларини ошириш мақсадида маҳаллий ҳамда вазирлик ва марказий идораларда стажировка амалиётини ўтадилар. Бу орқали хотин-қизларимиз давлат бошқаруви органларининг раҳбарларига “дублёр” сифатида бириктирилиб, бошқарув соҳасида амалий билим ва кўникмаларини ривожлантиришди. Дастур якуни бўйича ўқувларни энг муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларнинг хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва компанияларида малака ошириши (стажировка ўташи) ташкил этилди. Бугунги кунга қадар 4-мавсумнинг 11 нафар тингловчиси Туркия, Венгрия, Италия, Сингапур давлатларида стажировка ўтади.
“Раҳбар аёллар мактаби” дастури доирасида тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилди ва ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан захирадаги хотин-қизларни давлат фуқаролик хизматидаги юқори турувчи лавозимларга тавсия этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Давлат хизматидаги раҳбар аёллар форуми: янги имкониятлар ва истиқболлар” мавзусидаги форум доирасида 4-мавсум якунлари сарҳисоб қилиниб, давлат фуқаролик хизматида гендер тенглигини таъминлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, айни дамда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда уларни амалга оширишда ўрта ва қўйи бўғин раҳбар аёлларининг ўрни, аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки, давлат хизматида гендер тенглиги каби мавзуларда маърузалар ҳамда панел муҳокамалар ўтказилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА