Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматида етук кадрларни кўпайтириш малака ошириш тизимига ҳам боғлиқ
10:34 / 2022-09-26

Жорий йил август ойида қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ кадрларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланди.

Шу билан бирга, мазкур қонунда кадрлар малакасини ошириб бориш масаласи доимий кун тартибига қўйилди. Токи улар халққа хизмат қилиш жараёнида юқори малакаси, профессионаллигини намоён эта олиши керак. Давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш шартларида ҳам улардан тегишли малака талабларини эгаллаган бўлиши талаб этилади. 

Бу ЮНЕСКОнинг “Узлуксиз касбий ривожлантириш” концепцияси талабларига ҳам мувофиқдир. Демак, кадрлар салоҳиятини муттасил ошириб боришга қаратилган узлуксиз таълим тизими нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим жараён.  

Зеро, вақт ўтиши билан ҳар қандай жамият ривожланиб боради, қўлланиладиган услуб ва техникаларни эса гапирмаса ҳам бўлади. Кадрлар эса замон билан ҳамнафас бўлгандагина сифатли хизмат кўрсатишга, ўз соҳасини ривожлантиришга қодир бўлади. 

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда ҳам барча соҳаларда кадрлар малакаси ва салоҳиятини ошириб боришга доимий эътибор қаратилмоқда. Бу аждодлардан мерос бўлиб қолган «Бешикдан қабргача илм изла» ҳикматига ҳам мутаносибдир. Зеро, инсоният эришган ютуқлар замирида фақат изланиш,  илм олиш мужассам.  

Энди узлуксиз таълимнинг ҳуқуқшунос касби учун аҳамияти хусусида тўхталадиган бўлсак, бу касб доимий равишда ҳам назарий ҳам амалий касбий билим ва кўникмаларни чуқурлаштириб боришни талаб этадиган касб, десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, давлат хизматида фаолият юритаётган ходимларнинг салмоқли қисмини юрист кадрлар ташкил этади.  

Ҳуқуқий масалалар ва муаммоларга ечим топиш учун назарий билимлар билан бир қаторда амалий тажриба, касбий маҳорат ҳам муҳим. Шу нутқаи назардан бу касб доимий равишда қонунчиликни ўқиб-ўрганиш, суд амалиёти билан яқиндан танишиб бориш ҳамда ўз малакасини узлуксиз ошириб боришни талаб этади. 

Шу мақсадда Адлия вазирлиги қошида Юристлар малакасини ошириш маркази ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этадиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Адлия органлари ходимлари ва раҳбар кадрларининг касбий билими, кўникмалари ва малакасини доимий ошириб борилиши белгиланди.  

Қарор билан кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш, ҳар бир ходимнинг индивидуал траекториялари бўйича малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси — электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш белгиланди. 

Марказда “Узлуксиз касбий ривожлантириш платформаси” (mk.uzmarkaz.uz) ишга туширилди. Ҳозирда ушбу тизимда режа-график асосида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларининг малакаси оширилмоқда.  

Ходимларнинг ҳар икки йилда бир маротаба малака ошириш ўқув дастурларини ўзлаштириши мажбурий ҳисобланади. 

Жорий йилнинг ўтган даврида 198 малака ошириш гуруҳлари учун ўқишлар ташкил этилиб, уларда 7 минг 231 нафар тингловчи малака оширди. Улар орасида нотариуслар, юридик хизмат ходимлари, адвокатлар, медиаторлар ҳамда бошқа ташкилотлар ходимлари бор. 

Бундан ташқари, тингловчиларга ўқув-машғулотларда қатнашиши учун қулайликлар яратиш, харажатларини тежаш мақсадида 5 мингдан зиёди тингловчига онлайн шаклда малака оширишга шароит яратилди.  

Шокир Саидов,  
Юристлар малакасини ошириш маркази  
директорининг биринчи ўринбосари. 
ЎзА