Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизмати қандай кўрсатилгани аҳоли томонидан баҳоланади
16:23 / 2025-12-17

2025 йил 16 декабрдаги ҳукумат қарори билан “Давлат хизматларини кўрсатиш сифатини аҳоли томонидан баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, ваколатли органларнинг давлат хизматларини кўрсатиш сифати ва самарадорлиги аҳоли томонидан баҳоланади. Бунда, асосий мезон – хизмат кўрсатиш сифати, хизматнинг ўз вақтида кўрсатилгани, хизматдан фойдаланиш имконияти қандай бажарилганига эътибор қаратилади.

Баҳоловчи давлат хизматидан фойдаланганидан сўнг махсус QR-кодни сканер қилиб, белгиланган мезонлар асосида 1 дан 5 гача ўз баҳоси ва фикрларини қолдиради.

Қолдирилган 3 ёки ундан паст баҳо ҳамда салбий фикрлар давлат хизматларининг сифатини яхшилаш мақсадида ваколатли органлар ҳамда Адлия вазирлигига автоматик юборилади.

Мазкур ҳолатларга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар ваколатли органлар томонидан ўрганилиб, уларни бартараф қилиш чоралари кўрилади.

Баҳолаш натижалари яхшиланишига эришилмаганда, Адлия вазирлиги томонидан масъул ходимларни давлат хизматлари кўрсатишдан четлаштириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ваколатли органга тақдимнома киритилади.

Баҳолаш натижаларига кўра давр, ваколатли орган ва ҳудудлар (вилоятлар ва туман (шаҳар) кесимида рейтинг шакллантирилиб, ҳар чорак, ярим йил ва йил якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.

Н.Абдураимова, ЎзА