Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизмати кўрсатишнинг энг илғор тажрибалари амалиётга жорий этилади
11:57 / 2021-11-23

“Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида аҳолига зарур қулайликлар яратиш устида иш олиб борилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури томонидан Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича халқаро тажриба ҳам ўрганилаётир.

Қўшма лойиҳа доирасида аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича Латвия тажрибаси ўрганилганда, бу мамлакатда аҳолининг заиф қатламига алоҳида хизмат кўрсатилиши маълум бўлди. Бу умуминсоний қадриятларга мос бўлган тажриба Ўзбекистонда ҳам жорий қилинди.

Яъни жойларда Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ҳузурида Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳлари ташкил этилиб, унда аёллар ва имконияти чекланган шахсларга давлат хизмати кўрсатилишида амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Шу кунларда эса қўшма лойиҳа доирасида давлат хизмати кўрсатиш бўйича Германия ва Чехия тажрибаси ўрганилмоқда. Шу билан бирга ушбу мамлакатда яшаётан Ўзбекистон фуқароларининг давлат хизматидан қандай фойдаланаётгани билан танишилди. Зеро, бугунги кунда бу мамлакатда 7,5 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси рўйхатга олинган.

Соҳа мутахассисларидан иборат делегация аъзолари даставвал Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов билан учрашди.

Учрашув чоғида Германияда яшаётган юртдошларимизнинг ФҲДЁ ва давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиши, айниқса, электрон хизматлар, консуллик хизматларини кўрсатишда зарур маълумотларни электрон ахборот алмашинуви орқали кўрсатиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Уларни ҳал этиш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Давлат хизматлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Н.Муҳаммадиев бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф доирасида Берлин шаҳри маҳаллий ҳокимият маъмуриятида Германия Сенати канцеляриясининг бошқарувчи мэри Петра Колморген хоним ҳамда Сенатнинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари жаноб Вальтер билан ҳам учрашди.

Ўзаро мулоқотларда маҳаллий ҳокимият органларининг хусусий сектор, нодавлат ташкилотлар, фуқаролар билан алоқалари ва муносабатларнинг амалий механизмлари, минтақавий ривожланиш дастурлари, минтақавий ривожланиш дастурларида марказий ва маҳаллий ҳокимиятнинг ўрни, фуқароларнинг иштироки, Германияда давлат бошқаруви ва децентрализация, федерализм ва маҳаллий бошқарув каби мавзулар муҳокама этилди.

Делегация аъзоларини Бавария давлат бошқаруви академияси президентининг собиқ ўринбосари жаноб Карл Вайсенбах ўтказадиган тренинг, Баварияда давлат ва маҳаллий бошқарув тизими билан танишиш, Баварияда амалга оширилган ва давом этаётган ҳудудий ва функционал маъмурий ислоҳотлар билан танишиш ва бошқа учрашувлар кутиб турибди.

Делегация аъзолари, шунингдек, Чехия пойтахти Прагада ҳам бўлиб, бу мамлакатдаги маҳаллий даражадаги давлат молиясини бошқариш тизими, маҳаллий бюджетлаштириш ва фискал номарказлаштириш, электрон ҳукумат ва давлат хизматларини кўрсатиш фаолияти билан бевосита танишади.

Энг муҳими, ўрганилган илғор халқаро тажрибалар асосида аҳолига давлат хизмати кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилади.

Н.Абдураимова, ЎзА