Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчисининг ахлоқ-одоби қандай бўлиши керак?
16:35 / 2022-11-09

Давлат фуқаролик хизмати – давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади.

Бу муҳим жиҳат давлат фуқаролик хизматларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи ҳужжат – 2022 йил 8 августда Президентимиз томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунида акс этган.

Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди. Мазкур намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланди. Дарвоқе, Ҳукуматнинг ушбу қарори энг аввало, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгилаш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, давлат хизматида суиистеъмолликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлат фуқаролик хизматчиларига қўйилаётган талаблар ҳақида сўз кетганда, биринчи галда талабгор олий маълумотга ва эгаллаган мутахассислигига доир қонун ҳужжатларини қўллаш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши, давлат ва хорижий тиллардан бирини мукаммал билиши, стратегик ва таҳлилий фикр юрита олиши, қарорларни тез қабул қилиш ҳамда уларни бажара олиши, юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши ҳамда иш вақтидан самарали фойдалана олиши лозим. Қолаверса, тизимида коррупцион ҳолатларга қарши курашиши ва уларни профилактикасига кўмаклашиши, ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига қўл қўймаслиги тақозо этилади.

Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари қуйидаги мезонларни ўз ичига олади.

Касбий маданиятга оид умумий одоб-ахлоқ қоидалари, хизмат фаолиятига оид одоб-ахлоқ қоидалари, хизматдан ташқари одоб-ахлоқ қоидалари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари, хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид одоб-ахлоқ қоидалари.

Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш чоралари, давлат хизматчиларининг манфаатини ҳимоя қилиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш масалаларини тартибга солади. Шунингдек, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик тартибини белгилайди. Қолаверса, ушбу қарорда давлат хизматчиларининг нафақат хизматни ўташ вақтида, балки, хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидалари, шу билан бирга, раҳбар ходимларнинг мажбуриятлари ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Мазкур қарор талабаларига кўра, ҳар бир давлат органи ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини ва Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомни ҳамда унинг таркибини тасдиқлашлари, шунга асосан тегишли тартибда фаолиятни ташкил этишлари лозим. Ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, давлат хизматчилари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа давлат хизматчилари билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.

Давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Қайд этиш жоиз давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Президент томонидан тасдиқланади ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади. Реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади. Юртимизда кадрларни очиқ мустақил танлаб олиш шартлари асосида саралаш ва лавозимларига жойлаштириш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда ва хорижда малакасини ошириш, уларга даражалар бериш орқали мансаб поғоналаридан кўтарилиб бориши таъминланади.

Акмалжон Дадабоев,

Наманган вилояти кичик ва ёшлар саноат 

зоналарини бошқариш бўйича ягона Дирекция директори.
ЎзА.