Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчиси кийиниш маданияти билан ҳам шахсий намуна бўлиши керак
15:46 / 2022-06-17

Ўтган беш йил давомида мамлакатимизда давлат хизматчиларини тайёрлашнинг янги тизими шаклланди, десак муболаға бўлмайди.

 Давлат фуқаролик хизмати самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, бошқарув кадрларини танлаш, уларни ишга қабул қилиш, ривожлантириш ва лавозимда ўстириш бўйича ўзига хос мактаб яратилди.

Бугунги кунда “давлат – жамият”, “раҳбар – фуқаро” муносабатларининг янги шакли юзага келди. Натижада Янги Ўзбекистонда “давлат хизматчиси” атамаси “халқ хизматкори” тушунчасининг синонимига айланди. Янги Ўзбекистоннинг давлат фуқаролик хизматига ишга кираётган инсонлар бир нарсани ёдда тутиши шарт, давлат хизматчиси бўлиш имтиёз эмас, балки имконият ва масъулиятдир. 

Маҳаллаларда ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ҳамда хотин-қизлар фаоли лавозимларида ишлаётган ходимларга давлат фуқаролик хизматчиси мақоми берилди. Эндиликда, давлат хизматчиси давлат бошқаруви тизимининг кўзгуси вазифасини бажаради. Унинг қанчалик тоза ва шаффоф бўлиши ҳар бир давлат хизматчисининг хатти-ҳаракатига ва юксак касбий ва маънавий-ахлоқий сифатлари, хулқ-атвори ва кийиниш маданиятига боғлиқ бўлади. 

Янги Ўзбекистонда ҳар бир давлат хизматчисининг фаолияти фуқароларнинг доимий нигоҳида бўлади. Бу эса тизимда ишлаётган раҳбар ва ходимларга жуда катта масъулият юклайди. Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенатининг 26-ялпи мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун маъқулланди. 

Эндиликда ушбу қонун орқали давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари – давлат фуқаролик хизматчилари томонидан риоя этилиши шарт бўлган одоб-ахлоқ нормалари киритилди. Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари қонунчиликда белгиланади. Ҳар бир давлат органи давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари асосида фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзининг ички одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлайди. 

Бугун ҳар бир давлат фуқаролик хизматчисига ҳар қандай вазиятда ҳам ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаш, одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши, камтар, хушмуомала, бўлиши ҳамда қўполликка йўқ қўймаслиги зарур. Фуқароларни шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик, туҳмат қилмаслик, давлат хизматчисига хос бўлган кийиниш маданиятига риоя қилиши лозим бўлади. Бунда, давлат хизматчилари ўз касбига мос бўлган замонавий кийимда бўлишлари, аёллар учун одамлар диққатини тортадиган танани яққол кўрсатиб турадиган калта кийимлар ёки ҳаддан ташқари тор турли хил металл занжирлар, бошқа тақинчоқларда ишга келишлари мумкин эмас. Эркаклар учун оқ ёки оч рангда кўйлак, классик услубдаги шим ёки оддий костюм галстук, тўқ рангда оёқ кийимда бўлишлари мақсадга мувофиқдир. 

Давлат фуқаролик хизматида раҳбарлар кийинишда ходимларга шахсий намуна бўлишлари керак. Шундай экан, давлат фуқаролик хизматида ишлаётган ҳар бир хизматчилар шахсий намуна кўрсатиши ва ўзини юксак маънавий-ахлоқий жиҳатлари билан халқимизга хизмат қилишлари лозим бўлади. Зеро, янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар инсон қадри учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Аҳаджон Акбаров, 

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 

Фарғона вилояти филиали раҳбари ўринбосари 

ЎзА