Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчиси инсон қадри учун хизмат қилиши лозим
13:39 / 2022-11-04

Сақланиб қолган манбаларга кўра, Рим ва Византияда бир қатор давлат хизмати вазифалари мавжуд бўлган.

Хитойда, давлат хизмати тизими кўп йиллар давомида ривожланган, унинг асос солиниши 206 йиллар Хон империяси император Лю Банг даври билан боғланади.

Ғарбий Европа мамлакатларида қирол атрофида давлат хизматида қатор вазифалар жорий этилганлиги ва улар бир хил мақомдаги ваколатли шахслар бўлганлиги таъкидланади.

Диёримизда ҳам давлат хизматини шаклланиш тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Шарофиддин Али Яздийнинг Зафарнома асарида қайд этилишича Амир Темур адолатни ниҳоятда яхши кўрарди, шу сабабли ҳам унинг салтанатида бирорта инсон беҳуда ранжитилмаган, зулм кўрмаган.

Амир Темурнинг давлатчилигида бошқарув тизими, ички ва ташқи сиёсатнинг тартиб қоидалари, ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, қатъий-тартиб интизомли тизим юзага келган.

Унинг ҳокимият тизимида шайҳулислом, қозикалон, қозий аҳдос (одат бўйича ҳукм чиқарувчи қози), қози аскар, адри аҳзам, додҳоҳ (шикоятларни кўрувчи), эшикоға, сарой вазири, ясовул каби бир қатор лавозимлар жорий этилган.

Айтишимиз мумкин-ки, давлат хизмати, давлат хизматчилари эволюцияси барча халқларда ўзига хос ва ўзига мос тарзда мингйилликлар давомида тараққиёт йўлини босиб ўтган.

Бу доирадаги машҳур тадқиқотчи Томас Гоббснинг таъкидлашича, мамлакатда тартибларнинг барқарорлиги ва одамларнинг хавфсизлиги кучли давлат ҳокимиятига боғлиқ. Бу фикрларга уч асрдан кўпроқ вақт ўтишига қарамай барча мамлакатлар учун уларнинг сиёсий тузилмасидан қатъий назар ўз моҳиятини йўқотмаган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижаси ўлароқ, жорий йил 8 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тарихий воқеа бўлиб, ушбу масала қарийб 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётганлигини, унинг қабул қилиниши эса 35 миллион аҳолининг ҳаётини енгил қилишини, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган дастуруламалбўлиши таъкидлаб ўтилган эди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқариш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Қонунда, Давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар, фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари, манфаатлар тўқнашуви, Давлат хизматчиларининг ахлоқий хулқ-атвори қоидалари белгилаб қўйилди.

Таҳлилларга кўра, Давлат органлари ва ташкилотларида 118 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши 61 фоизга етди, илгари бу кўрсаткич 37 фоиз бўлган.

Таъкидлаш жоизки, Қонун давлат бошқаруви соҳасида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ҳамда улар фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизмати қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, очиқлик ва шаффофлик, холислик, профессионаллик ва компетентлик каби қатор принципларга асосланади.

Мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, эски намунадаги маълумотномадан воз кечилиб, ходимнинг малакаси ва эришган натижаларини илғор технологиялар асосида баҳолайдиган тизимга ўтилади.

Туман ва шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун салоҳиятли кадрлар резерви тузилади. Компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади.

Энди яхши ишлаган ҳам, озроқ натижага эришганлар ҳам бирдек бўлмайди. Келгуси йилдан давлат хизматчисининг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб, рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳисобидан суғурта қилинади. Ўз вазифаларини ҳалол ва пок бажараётган давлат хизматчилари учун кексаликни муносиб ўтказиш кафолатлари яратилади.

Бундай янги тизимнинг жорий этилиши, албатта ўз навбатида давлат фуқаролик хизматчиларидан янгича ёндашувни ўзида шакллантиришни талаб этади. Хусусан, вақтдан тўғри ва унумли фойдаланиш ёки вақтни бошқариш, жамоани шакллантириш принципларини тўғри ташкил этиш, ўз имижи устида ишлаш, одоб ва аҳлоқ қоидаларини ўз хулқига сингдириш, бошқаларга ўрнак бўлиш каби билим ва кўникмалар устида тинимсиз ишлаш зарур бўлади.

Зеро, давлат фуқаролик хизматчиси бўлиш шарафли вазифа бўлиш билан бирга, жуда катта масъулиятдир. Давлат хизматчисининг ҳар бир ҳаракати, қарори ва муносабати одамларнинг давлат ҳокимиятига бўлган муносабатида акс этади.

Тараққиёт стратегияси мамлакатимизда ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш унинг биринчи мақсади этиб белгиланган.

Давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда энг аввало уларни соддалаштириш, маҳаллий даражада ҳар бир маҳалла, хонадон, керак бўлса ҳар бир фуқаро билан алоҳида манзилли ишларни олиб бориш механизмини йўлга қўйиш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари бу вазифалар инсон қадри, халқ розилиги билан боғлиқ эканини ҳар доим таъкидлайди. Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт.

Бир нарсани ишонч билан айтишимиз мумкин, шундай масъулиятни елкасига олган, халқ хизмати учун бел боғлаган, билдирилган ишончни оқлаш учун ватан равнақи йўлида умрини, бор тажриба ва билимини, керак бўлса саломатлигини сафарбар эта олган, жамият тараққиётига бефарқ бўлмаган, ҳалол ва виждонли одамгина ҳақиқий давлат хизматчиси бўла олади.

 

Аброр Акбаров,

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш давлат қўмитаси

раиси ўринбосари