Пойтахтимизда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ташкил этилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш: коррупциянин гинклюзив қамровда олдини олиш” номли янги лойиҳанинг биринчи бошқарув қўмитаси йиғилиши ўтказилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади давлатни коррупцияга қарши курашда қўллаб-қувватлайдиган нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти тузилмалари фаолиятини янада ривожлантириш, коррупция ҳолатларини ёритадиган оммавий ахборот воситалари вакиллари салоҳиятини оширишдан иборат.

Лойиҳа иш режаси тақдимотига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик раҳбари, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбарининг ўринбосари ва ҳамкорлик раҳбари нутқ сўзлаб, юқори эътирофларга сазовор бўлаётган лойиҳанинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди.
– Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кўрсаткичларини яхшилашни кўзлаган, – деди Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбарининг ўринбосари ва ҳамкорлик раҳбари Михаэль Виммер. – Биз Германия ва Европа консорциуми сифатида бу жараёнда иштирок этганимиздан мамнунмиз. Агар иқтисодий ривожланиш йўлида юқорига силжимоқчи бўлсангиз, албатта коррупцияга қарши стратегияга эга бўлишингиз керак. Чет эл инвесторлари бунга алоҳида эътибор қаратади. Боиси, бу фуқаролар ҳаётини осонлаштиради. Бугун Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши кураш борасида саъй-ҳаракатларни жиддий қабул қилаётганини кўришимиз мумкин. Тизимда қатор ишлар амалга оширилди.
Дарҳақиқат, ўтган ўн йил давомида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган ва “Transparency International”нинг Коррупцияга оид кўрсаткичлар индексида 16 баллга яхшиланган. “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида ҳукумат ушбу индексда камида 50-ўринни эгаллашни ва давлат харидлари қонунларини бузиш ҳолатларини икки баравар қисқартиришни мақсад қилгани алоҳида қайд этилди.
Давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши кураш борасидаги малакасини ошириш, натижада эса давлат хизматидаги коррупцияни бартараф этиш энг муҳим масала ҳисобланади. Европа Иттифоқи ва Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа – “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш: коррупциянинг инклюзив қамровда олдини олиш” Самарали давлат бошқаруви дастури доирасида амалга оширилади.
– Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда коррупцияга қарши кураш йўналишида ишлаб келмоқда, – дейди Европа Иттифоқининг юртимиздаги делегацияси ҳамкорлик раҳбари Вим Риепма. – Икки лойиҳа амалга оширяпмиз. Бири – БМТ Тараққиёт дастури билан ташкил этилган лойиҳа, иккинчиси эса “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш: коррупцияни инклюзив қамровда олдини олиш”. Иккала лойиҳада ҳам коррупциянинг илдиз сабабларини ўрганиш, олдини олиш ва турли хил коррупция ҳолатларини аниқлашга интиламиз. Менимча, ҳар қандай коррупцияга қарши курашишнинг калити жамиятдаги ўзгаришларга боғлиқ. Бунда инсон “коррупцияга йўқ” дейишга қодир бўлади, ўтмиши, эски фикрлаш тарзидан воз кечиб, янги фикрлаш тарзига ўтади, шунингдек, кундалик ҳаётида, энг паст даражадан энг юқори даражагача, тўғри ишлашга интилади. Лойиҳамиз эса мазкур мақсадга хизмат қилса ажаб эмас.
Тадбирда лойиҳа миллий сиёсат ва меъёрларни яхшилаш, жамоатчилик салоҳиятини ошириш ҳамда фуқаролик мониторингини кучайтиришга қаратилгани хусусида сўз юритилди. Ушбу мақсадларга эришиш учун лойиҳа миллий Коррупцияга қарши индекс ва Миллий интегритет тизими баҳолашни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълим каби коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларда секторал баҳолашни ўтказиш, қолаверса қарама-қаршиликни бошқариш тизимини яхшилаш ва хавфсиз ахборот беришни қўллаб-қувватлашга урғу беради.
Лойиҳа коррупцияга қарши хавфларни ҳал қилиш учун секторал йўл хариталарини ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади.Асосий йўналишлар халқаро тажриба алмашиш орқали қобилиятни ошириш, жумладан ахборот технологиялари воситаларини жорий этиш ва масофавий анти-коррупция таълим тизимини яратиш ҳисобланади.
Биз коррупцияга қарши кураш чоралари бўйича Европа тажрибасини тўплаяпмиз, – дея изоҳ берди Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ томонидан амалга оширилган Самарали давлат бошқаруви дастури раҳбари Виктор Кесслер. – Ўзбекистон ҳозир жуда тез ривожланиб боряпти ва коррупцияни бутунлай йўқ қилишга бўлган йирик лойиҳалар устида ишлаяпти. Коррупцияга қарши курашда давлатни қўллаб-қувватлайдиган нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти тузилмалари салоҳиятини ошириш, шунингдек коррупция ҳолатларини ёритадиган журналистларнинг салоҳиятини ошириш коррупция даражасининг пасайишига олиб келади.

Йиғилишда белгиланган ҳамкорлик саъй-ҳаракатлари ва комплекс ёндашувлар Ўзбекистонда бошқарувни яхшилаш, коррупцияга қарши хавфларни камайтириш ва институтлар интегритетини кучайтиришга сезиларли ҳисса қўшиши таъкидланди. Қўмита мажлиси муҳокама тарзда якунига етди.
Батафсил ЎзА YouTube тармоғида томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K8i422DUAAM" title="Davlat xizmatchilarining korrupsiyaga qarshi kurashboʻyicha malakasi oshiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Дониёр Якубов ва Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА