Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини бузган 49 нафар айбдор шахсга нисбатан жазо чоралари қўлланилди
23:14 / 2025-10-20

Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан жорий йил 9 ойида қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова жавоб берди:

– Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида изчил ишлар амалга оширилди.

Vacancy.argos.uz портали орқали 68 вазирлик ва идора ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги вакансиялар бўйича жами 18,5 мингдан ортиқ танлов ўтказилди. Уларда 644 мингдан зиёд номзод қатнашди. Танловлар натижасида номзодларнинг 11 минг нафарга яқини ишга қабул қилинди.

Махсус электрон портал орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, туман (шаҳар) ҳокими лавозимига жами 1 минг 163 нафар кадрлар захираси шакллантирилди. 

Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан натижа кўрсатган минг нафар номзод “Салоҳиятли кадрлар захираси”га саралаб олинди.

Вазирлик ва идораларнинг 149 раҳбарлик лавозимларига 606 нафар кадрлар захираси шакллантирилди. “Раҳбар аёллар мактаби”да 100 нафар хотин-қизлар навбатдаги дастурда иштирок этди. Мазкур дастур битирувчиларининг 57 нафари юқори лавозимларга тайинланди.

Ханнс Зайдел жамғармаси ҳамда Бавария давлат бошқаруви мактаби ҳамкорлигида йўлга қўйилган “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби” қўшма таълим дастурида “Миллий кадрлар захираси”даги 49 нафар номзод ўқитилди. Улардан  14 нафари юқори лавозимларга тайинланди.       

Турли соҳаларга оид жами 117 ўқув курси ва 13 экспресс-тренинг ташкил этилди. “Миллий кадрлар захираси”, “Салоҳиятли кадрлар захираси”, “Истиқболли кадрлар захираси”даги турли ташкилотларнинг 16 минг 259 нафар ходими учун турли ўқув курслари ташкил этилди.

30 нафар ёш давлат хизматчилари учун “Ёш лидерлар” қўшма таълим дастури амалга оширилди.

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари томонидан юқори лавозимларга таклиф этилган 115 нафар хотин-қизлар учун ўқув-амалий семинар ўтказилди.

94 нафар турли даражадаги давлат хизматчилари учун Туркия, Венгрия, Жанубий Корея, Латвия ва Хитойда ўқув стажировкалари, масофавий ўқувлар ташкил этилди.

Агентликнинг янги масофавий таълим платформаси –“edu.argos.uz”да 118 минг 132 нафар фойдаланувчи муайян курсни якунлаб, сертификатга эга бўлди.

Истиқболли кадрлар билан ишлаш ва уларнинг профессионал фаолиятини мониторинг қилиш бўйича янгича тизим жорий этилди. Унга кўра, Агентликни хориждаги ОТМларда ўқиш учун стипендия ажратадиган халқаро нодавлат ташкилотларининг “Миллий ҳамкори” этиб белгилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Халқаро ҳамкорлик йўналишида АҚШ, Германия, Франция, Венгрия, Латвия, Туркия, БАА, Хитой ва Жанубий Корея каби мамлакатларга жами 30 дан ортиқ хорижий малака ошириш курслари ва хизмат сафарлари ташкил этилди.

БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси (ICSC) билан меморандум имзоланди. Унга кўра, давлат хизматчилари ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари БМТ тизимида стажировка ўташ имкониятига эга бўлди.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида 3 та комплекс ўрганиш (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги) ва 414 та мониторинг ўтказилди.

Кўрилган чоралар натижасида 61 нафар ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашга оид бузилган ҳуқуқлари тикланди. 137  ноқонуний буйруқ (ишга қабул қилиш тўғрисидаги) бекор қилинди. 49 нафар айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 45 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Маҳаллий ҳокимликларнинг 8 мингга яқин ходими тиббий кўрикдан ўтказилиб, 6 мингдан зиёди соғломлаштирилди.

“@murojaat-bot” telegram ижтимоий тармоғи орқали келиб тушган 779 мурожаатдан 195 таси қаноатлантирилди. 351 таси  бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 

                                                                  Н.Абдураимова, ЎзА