Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади
15:33 / 2021-03-12

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

“Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 5 минг 857 та маҳалладаги 78 292 та хонадонда суҳбат ўтказилиб, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳат, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва ижтимоий ҳимояга оид бошқа лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.                                                            

 Қолаверса, “Коррупция – тараққиёт кушандаси” номли иншолар танлови ўтказилиб, мактаб, ўрта махсус ҳамда олий ўқув юртларининг 17 мингдан ортиқ ўқувчи- ёшлари қамраб олинди. Журналист ва блогерлар учун “Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” танлови ўтказилди.                                                                        

Бундан ташқари, “Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда инновацион технологияларни қўллаш” танлови илк бор ташкил қилинди. Пандемия даврида @huquqiy_maslahat боти орқали фуқароларнинг 8 мингдан ортиқ саволига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.                                                                                               

Ҳаётий муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма қайта таҳрир қилиниб, 20 минг нусхада тарқатилди. 2 минг нусхада “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” тайёрланди ва мақсадли тарқатилди.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси намунали, деб топилди.

Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилди.                                                                                                

Бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг ошаяптими, деб савол ўртага ташланса, сезиларли даражада ошаяпти деб айтишга тўлиқ ҳақлимиз. Буни ижтимоий тармоқлардаги очиқ муҳокамалардан, фуқароларимизнинг ўз позициясини эркин билдира олаётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.                                                                                                    

Бироқ фуқароларимизни қизиқтираётган масалалар бўйича Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ўз вақтида ва етарлича муносабат билдирилмаяпти.                                                                                              

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлили соҳада қатор муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида устувор йўналишлар ҳам белгиланди.        

 Хусусан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади. Унга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолаб борилади.                                                                                  

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида Инновацион медиа марказ ташкил этилади. Ушбу марказ, қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тилда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларини тайёрлайди ва тарқатади.