French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматчилари касбий компетенциясини қандай оширмоқда?
11:54 / 2023-08-07

Давлат фуқаролик хизматчилари вазифаларини лозим даражада амалга ошириши учун зарур билим, малака ва кўникмага эга бўлиши ва ўз касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириб бориши зарур.

Президент ҳузуридаги Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш агентлиги бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда? Бу саволга агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова жавоб берди:  

– Агентлигимиз томонидан тизимли равишда малака ошириш курслари ташкил этиб келинмоқда. Бунда давлат фуқаролик хизматчиларини касбий ривожлантиришнинг турли шаклларидан фойдаланилмоқда.  

Жумладан, юқори малакали профессор-ўқитувчилар, амалиётчи олимларни жалб қилган ҳолда ўрта ва қисқа муддатли малака ошириш курслари, масофавий таълим порталлари орқали онлайн малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.  

Жорий йил биринчи ярмида 16 та малака ошириш курси ташкил этилиб, уларга вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда фаолият кўрсатаётган 2 мингдан ортиқ давлат хизматчиси жалб этилди. Бундан ташқари, 5 та масофавий курсга 7 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиси жалб этилди.  

“Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “Яшил” ўсишни таъминлаш бўйича вазирлик ва идоралар марказий аппарати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари учун 5 кунлик семинар-тренинг ташкил этилди.   

Туман (шаҳар) ҳокимликлари мутахассислари учун илк бор соҳавий қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилди. Республиканинг барча ҳудудларида шаҳар ва туман ҳокимликларида ишлаётган давлат фуқаролик хизматчилари учун олти йўналишда 84  ўқув курси ўтказилди. Унда туман ва шаҳар ҳокимликларининг 1,5 мингдан зиёд мутахассиси иштирок этди. 

Ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда мавзули малака ошириш курслари ташкил этиб келмоқда.  

Хусусан, давлат-хусусий шериклик соҳасига ихтисослашган AXELCIUM (Франция) халқаро консалтинг компанияси экспертлари, Оксфорд ва Глазго университети профессорлари иштирокида семинарлар ташкил этилди.  

Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг ишдан ажралмаган ҳолда малакасини ошириш мақсадида ilm.argos.uz масофавий таълим портали ишга туширилди. Мазкур порталда 63 мингга яқин давлат фуқаролик хизматчиси рўйхатдан ўтган.  

Миллий кадрлар захирасига ҳамда Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган 1,1 минг нафар номзод учун масофавий малака ошириш курси, “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурининг тўртинчи доирасида 60 нафар тингловчи иштирокида ўқув дастури ташкил этилди.  

Шунингдек, ҳафтанинг ҳар жума куни давлат хизматчилари учун “Сиёсий-маърифат соати” ташкил этилмоқда. Бугунга қадар махсус ўқув соатининг 33 сони ташкил этилиб, унда ҳар ҳафта ўртача 35 минг нафардан ортиқ давлат хизматчиси иштирок этмоқда.  

Вазирлик ва идоралар қошидаги малака ошириш марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимидаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасалари фаолияти ўрганилди. Мазкур муассасалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, мазкур вазирликлар раҳбариятига тақдим этилди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА