Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хавфсизлиги маҳаллада мустаҳкамланади
11:07 / 2026-01-29

Жорий йилнинг 27 январида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давлат ва жамият хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашишда мутлақо янги босқични бошлаб берди. Йиғилишда бу иллатларга қарши курашда кескин, тизимли ва манзилли чоралар белгилаб берилди.

Давлат раҳбари жиноятчиликка қарши курашишни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклаб қўйиш етарли эмаслигини, энг муҳим вазифа — хавфсизликни энг қуйи бўғин, яъни маҳаллада таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Чунки жиноятнинг илдизи ҳам, ечими ҳам аввало маҳаллада шаклланади.

Ана шу мантиқий давом сифатида 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу йил номининг ўзиёқ жамият тараққиёти, қонунийлик ва барқарорлик маҳалладан бошланишини англатади. Хавфсиз маҳалла — бу нафақат тинч ҳудуд, балки фаол фуқаролик позицияси, юксак ҳуқуқий онг ва жамоавий масъулият мужассам бўлган муҳитдир.

Президент белгилаб берган ана шу устувор вазифалар ижроси доирасида Жиззах вилояти Янгиобод туман прокурори Шоҳруз Салимов томонидан криминоген вазияти оғир маҳаллалардан бири ҳисобланган “Сармич” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан учрашув ўтказилди. Унда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, муаммоларни оқибат билан эмас, сабаб билан ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.

— Видеоселектор йиғилишида Президент томонидан белгилаб берилган вазифалар биздан жойларда иш услубини тубдан ўзгартиришни талаб этмоқда. Энди асосий эътибор жазога эмас, профилактикага, назоратга эмас, ҳамкорликка қаратилмоқда. Ҳар бир маҳаллада жиноят келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш — энг устувор вазифамиз, — деди туман прокурори Шоҳруз Салимов.

Учрашувда у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги  қарорлари мазмун-моҳиятига тўхталиб, мазкур ҳужжатлар маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш, профилактик ишларни кучайтириш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Алоҳида эътибор ёшлар масаласига қаратилди. Чунки жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқий чоралар билан эмас, балки тарбия, таълим ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали самара беради. Шу маънода, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни таълим ва меҳнатга йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”нинг асосий ғояси билан уйғундир.

Бу борада “бир болага — етти маҳалла масъул” тамойили амалда қўлланилиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Чунки ҳар бир ёш тақдири — бутун жамиятнинг келажаги билан боғлиқ.

Йиғилишда сўзга чиққанлар жиноятчиликка қарши курашиш фақат назорат ва жазо чоралари билан чекланмасдан, аҳолининг фаол иштироки, бефарқ бўлмаслиги ва жамоавий масъулияти орқали самара бериши мумкинлигини қайд этдилар. Маҳаллани жорий йилда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш умумий мақсад сифатида белгиланди.

Шунингдек, 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича ўзаро келишувларга эришилиб, профилактика ишларини янада кучайтириш, маҳалла тизимида ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ режалар белгилаб олинди.

Амалий натижага йўналтирилган бундай учрашувлар видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг маҳаллада ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрсатади. Зеро, давлат хавфсизлиги аввало маҳалладаги тинчлик, масъулият ва ҳамжиҳатлик билан мустаҳкамланади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири