Давлат харажатларини мониторинг қилиш ва улар устидан самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш – очиқлик, ҳисобдорлик ҳамда ҳалоллик тамойилларини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Тошкент Аксилкоррупция форуми доирасида “Давлат харажатларини мониторинг қилиш ва улар устидан самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш” мавзусидаги махсус сессияда шу ҳақда фикр юритилди.
Ўзбекистонда бу борадаги мавжуд ҳуқуқий ва институционал механизмларни таҳлил қилиш ҳамда уларни такомиллаштириш, рақамли ечимлар ва очиқ маълумотлар асосида давлат харидларини мониторинг қилиш усуллари муҳокама қилинди.
Давлат маблағларидан самарасиз фойдаланиш, ҳисобдорликнинг етишмаслиги, давлат харидларида шаффофликнинг тўлиқ таъминланмаганлиги каби муаммолар, ушбу жараёнларда фуқаролик жамияти ва журналистларнинг фаол иштирок этиш имкониятини яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-25871]
Transparency International Latvia ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти экспертлари томонидан илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар ҳамда амалий механизмлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, давлат харажатларини мониторинг қилишда рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали эҳтимолий коррупция ҳолатларини автоматик аниқлаш имконияти яратилаётгани таъкидланди.
Давлат маблағларининг сарфланиши устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ролини кучайтириш, давлат харажатлари соҳасида мустақил таҳлил ва кузатув фаолиятини рағбатлантириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.
Муҳокамалар натижасида давлат маблағларидан фойдаланишда очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш коррупциянинг олдини олиш, фуқароларнинг давлат бошқарувига бўлган ишончини ошириш ҳамда “ҳисобдор ҳукумат” тамойилини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
– Давлат харидларида коррупциявий схемаларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун, албатта, молиявий билимга эга бўлиш зарур, - деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Фозилжон Отахонов. – Давлат хизматчилари, масалан, ҳокимлар транспорт воситасини сотиб олган бўлса, бу фактни очиқлаш билан чегараланмасдан, суриштирувни давом эттириш мақсадга мувофиқ. Транспортнинг бозор баҳоси қанча, уни тендер орқали сотиб олинганда, қандай нархда бўлиши мумкинлигига эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун ҳуқуқий ва молиявий билим керак. Солиқ тўловчининг меҳнати билан топилган маблағлар сарфланишида жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада тажриба ошириш, зарур билимларни чуқур ўрганиш зарур.
Тадбир якунида жамоатчилик назорати механизмларини янада такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/eOz4A5swQjY?si=HYXHtoPaNh_c0wkF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Абдураимова,
А.Алижонов (суратлар),
Н.Абдувоитов (видео),
ЎзА мухбирлари