Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат харидларида шаффофлик кучаймоқда
18:47 / 2025-12-29

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги "Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар" тўғрисидаги фармони билан давлат харидлари тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланмоқда. Ушбу ислоҳотлар бюджет маблағларидан фойдаланишда очиқликни кескин ошириш, адолатли рақобатни таъминлаш ва самарадорликни кучайтиришга йўналтирилган.

Қабул қилинган қарорлар «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мақсадлари билан узвий боғлиқ бўлиб, давлат харажатларини бошқаришда интизомли, иқтисодий жиҳатдан масъулиятли ва натижага йўналтирилган янги ёндашувга ўтишни акс эттиради.

2024 йилда Ўзбекистонда давлат харидларининг умумий ҳажми 248,6 трлн. сўмни ташкил этган. Шундан 133,4 трлн. сўм — рақобатли харидлар, 115,2 трлн. сўм — тўғридан-тўғри харидлар, шу жумладан 35 трлн. сўм — монопол харидлар ҳиссасига тўғри келган.

Нархларни сунъий ошириш ҳолатлари 2023 йилда 369,9 млрд. сўм, 2024 йилда эса 370,6 млрд. сўмни ташкил этган. Айнан шу ҳолатлар давлат харидлари тизимида институционал ва технологик ислоҳотларни чуқурлаштириш заруратини кўрсатган.  

Фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар рақобатли харидлар улуши 2025 йилдаги 58 фоиздан 80 фоизга етказилади. Бюджет маблағлари иқтисоди 14 трлн. сўмдан 25 трлн сўмга оширилади. Тадбиркорларнинг давлат харидларидаги иштироки 35 фоиздан 70 фоизга етказилади. Маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоиздан 85 фоизга кўтарилади. Харидлар учун масъул ходимлар қамрови ва очиқлик даражаси 60 фоиздан 98 фоизга етказилади.  

2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида ўртача бозор нархини сунъий интеллект асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль жорий этилади. Агар харид нархи ўртача бозор нархидан 10 фоиздан ортиқ юқори, ёки 20 фоиздан ортиқ паст бўлса, бундай харидлар юқори хавфли тоифага киритилиб, давлат назорати органлари томонидан биринчи даражада текширилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб тўғридан-тўғри шартномалар орқали харид қилинадиган 52 турдаги товар, иш ва хизматлар рўйхати бекор қилинади. Шундан 20 таси қонунчиликка мувофиқ тартибга солинади, 9 та позиция бутунлай чиқариб ташланади, 23 та позиция “таклиф сўрови” орқали харид қилинадиган турга ўтказилади.  

Ислоҳотлар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда: маҳаллий электрон аукционлар жорий этилади; кооперация порталлари кенгайтирилади; маҳаллийлаштириш даражаси камида 30 фоиз этиб белгиланади; айрим ҳолларда 15-30 кун ичида олдиндан тўлов, аванс эса 30 фоизгача рухсат этилади.

Давлат харидларида: омборларда товарларни сақлаш муддати 3 ойдан ошмаслиги шарт; ҳар 2 йилда камида бир марта форензик аудит ўтказилади; аудит натижалари 3 кун ичида “Давлат аудит” ахборот тизимига киритилади. Шунингдек, давлат харидларида ягона хавфлар таснифи, KPI асосида баҳолаш тизими ва ҳар йили 10 февралгача ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.

Қабул қилинган чора-тадбирлар давлат харидлари соҳасида очиқ, рақобатли ва самарали тизимни шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса ҳар бир бюджет сўмининг иқтисодий ўсишга, давлат хизматлари сифатига ва аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилишини таъминлайди.

Моҳигул Қосимова,

ЎзА