English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва чоралар кўрилди
12:18 / 2025-08-25

Ўтган даврда давлат харидлари жараёнларида шаффофлик ва адолат тамойилларига риоя этилиши юзасидан олиб борилган мониторинг ишлари қатор қонунбузарлик ҳолатларини очиб берди. Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган текширувлар натижасида турли ҳудудлардаги буюртмачи ташкилотлар томонидан тендер ва савдоларда қонун талабларига зид ҳаракатлар содир этилгани аниқланди.

Қорақалпоғистонда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Қўнғирот санаторийси томонидан ўтказилган 654 миллион сўмлик тендер ҳақиқий эмас деб топилди ва буюртмачига жарима қўлланилди.

Андижонда фтизиатрия сиҳатгоҳининг 270 миллион сўмлик 2 та тендерида тартиб бузилгани учун мансабдор шахс юзасидан маълумот судга юборилди.

Бухорода 440 миллион сўмлик овқат етказиб бериш тендерида иштирокчиларга нохолис баҳо берилгани учун иш қўзғатилди.

Навоий вилояти, Ғозғон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 41,2 миллион сўмлик озиқ-овқат харидида битта таъсисчига эга икки корхона иштирок этгани аниқланди. Мазкур субъектларга нисбатан иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Шунингдек, Навоий шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 63 миллион сўмлик жиҳозлар харидида баҳолаш шаффоф бўлмагани учун иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўлланилди.

Самарқандда 2,6 миллиард сўмлик 7 та тендерда фақат 2 та аффилланган корхона иштирок этгани сабабли рақобат муҳити бузилиб, ҳар иккаласига суд орқали молиявий жарима тайинланди.

Тошкент вилоятида “Ўзбеккўмир” АЖнинг 271 миллион сўмлик тендерида икки ширкат бир хил IP манзилдан қатнашгани аниқланиб, иш қўзғатилди ва жарима белгиланди.

Мазкур ҳолатлардан кўриниб турибдики, айрим мансабдор шахслар тендер жараёнларида шаффоф рақобат муҳитини таъминлаш ўрнига нохолис баҳо бериш, аффилланган корхоналарни жалб қилиш ёки ягона манбадан шартнома тузиш каби қонунбузарликларга йўл қўйган. Натижада миллиардлаб сўмлик давлат маблағларидан самарасиз фойдаланиш хавфи юзага келган.

Шу муносабат билан қонунбузарларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилиб, мажбурий кўрсатмалар берилди ва айрим ҳолатларда суд органларига тақдим этилди.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА