Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат буюртмачиларининг 2 миллиард сўмлик давлат харидида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Сирдарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси буюртмачилигида ҳудуддаги маҳаллаларни ривожлантириш мастер-режасини ишлаб чиқиш бўйича 2 миллиард сўмлик давлат харидида қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг қатор талабларига зид равишдаги баҳолаш жараёнида рақобат ва холислик принциплари бузилишига йўл қўйилган.
Агентлик тақдимномаси асосида харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомаси бекор қилинди.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар эса қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Бундан олдин Агентлик томонидан “Қурилишинвест” ташкилоти буюртмаси асосида ўтказилган давлат харидида қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Экин майдонларининг сув таъминотини яхшилаш бўйича ўтказилган тендер харид комиссиясининг баённомасига кўра, ушбу давлат харидида 36,5 миллиард сўмлик таклиф билан «Д.Й.Т.» масъулияти чекланган жамияти танлов ғолиби, 38,5 миллиард сўмлик таклиф билан «М.И.Т.» хусусий корхонаси захирадаги ғолиб, деб топилган.
Аниқланишича, тендернинг яна бир иштирокчиси — «Ф» масъулияти чекланган жамиятининг солиқ ҳисоб-варағига ноқонуний аралашув йўли билан солиқдан қарздорлик мавжудлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.
Оқибатда жамият тендер жараёнидан асоссиз равишда четлаштирилган.
Агентлик томонидан кўрилган чоралар натижасида мазкур харид бекор қилинди. Тўпланган ҳужжатлар асосида мазкур ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тегишли ҳуқуқий баҳо берилади.
Н.Абдураимова, ЎзА