Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат харидларида 11,2 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди
15:56 / 2025-12-04

Давлат харидлари тизимида қонун устуворлиги ва адолатли рақобатни таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шаффофликни кучайтириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва тадбиркорлар учун тенг шарт-шароит яратиш мақсадида Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан харид жараёнлари доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида қатор буюртмачи ташкилотлар фаолиятида қонун талабларига зид ҳолатлар, савдоларда рақобатни чеклашга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар қайд этилди. Умумий қиймати 11,2 млрд. сўмдан ортиқ бўлган ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилди ва мажбурий кўрсатмалар берилди.

Бу ишлар давлат маблағларининг самарали сарфланиши, харид жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва тадбиркорлик субъектлари учун адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Мониторинг давомида Бухоро шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ўтказилган харид жараёнида 500 млн. сўмдан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Аниқланган камчиликлар рақобатни чеклаш ва таклифларнинг холис баҳоланмаслиги билан боғлиқ.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига оид 6 та харид бўйича тахминан 8 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Хусусан, тендер ҳужжатларини тўғри тузмаслик, эҳтимолий иштирокчиларга тенг имконият бермаслик ва савдо жараёнида ноқонуний чекловлар жорий этиш ҳолатлари кузатилган.

Шунингдек, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туман Агротехнология техникумида — 140 млн. сўмга яқин,  Пахтакор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида — 766 млн. сўмлик,  Дўстлик туман ободонлаштириш бошқармаси бўйича — 17 млн. сўмга яқин бузилишлар аниқланди.

Умумий ҳисобда, вилоятда қонунбузилишлар жами 900 млн. сўмга яқин суммада қайд этилди.

Навоий вилоятининг Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмасига тегишли 7 та харидда — 1,7 млрд. сўмдан ортиқ, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази Навоий филиалида — 100 млн. сўмлик қонунбузилишлар аниқланди.

Аниқланган ҳолатларда асосан, иштирокчилар ўртасида рақобатнинг сунъий чекланиши ва тендер талабларининг асоссиз ўзгартирилиши кузатилган.

Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан қонунбузилиш белгилари аниқланган ташкилотларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ ишлар қўзғатилди ва тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Шу билан бирга, камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг такрорланмаслиги учун бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА