English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат харидига оид танловда комиссия аъзосининг ўғли “ғолиб бўлди”
14:32 / 2023-05-29

Давлат харидлари қонуний бўлиши учун ушбу соҳада шаффофликни, соғлом рақобатни йўлга қўйишга қаратилган қонунлар қабул қилинган. Энг муҳими, қонунлар ижроси мониторинг қилиб борилмоқда. Аниқланган қонунбузарликлар бўйича чоралар кўрилиб, ноқонуний танлов натижалари бекор қилинмоқда.

Аммо шунга қарамай, “ётиб қолгунча, отиб қолай”, қабилида иш тутаётганлар учраб турибди. Танлов натижасини имкон қадар таниш-билишлари фойдасига ҳал қилишга уринишлар тўхтамаяпти.  

Яқинда Тошкент вилояти ихтисослаштирилган соматика шифохонаси буюртмачилигида 500 миллион сўмлик давлат хариди амалга оширилган.  

– Қизиғи шундаки, талабгор ва ғолиб деб топилган масъулияти чекланган жамият раҳбари (E.B.O.)нинг отаси (U.O.E.) ушбу шифохонада хўжалик мудири ва харид комиссиясининг аъзоси бўлган, – дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Феруза Миркомилова. – Аммо мазкур ҳолат харид комиссияси томонидан эътиборга олинмай, ноҳалол рақобат келиб чиққани ўрганилмаган ҳамда ҳолат бўйича танловни ўтказишни вақтинчалик бекор қилиш чоралари кўрилмаган.

Оқибатда “Давлат харидлари тўғрисида«ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 19-моддаси (давлат буюртмачилари), 42-моддаси (иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари) ҳамда “Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг талаблари бузилишига ва бошқа қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Бундай ҳолатда, ўз навбатида, танлов жараёнларидан кейин ҳам манфаатлар тўқнашуви юзага келиш хавф-хатари мавжуд.

Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуннинг 46-моддасига зид равишда харидда иштирок этган икки нафар тадбиркорнинг ҳужжатлари ушбу шифохона ходими томонидан буюртмачининг харид комиссия раиси, котиби, аъзолари иштирок этган ва фойдаланган компьютер IP-манзили орқали электрон платформага юклангани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди.  

Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди. Ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома киритилди.

                                                       Н.Абдураимова, ЎзА