Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди бошқаруви раиси Самандар Ҳалилов сўзга чиқди. Унда юртимизда ННТлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўтган йиллар давомида Навоий вилоятида фаолият олиб бораётган ННТлар томонидан 186 та грант лойиҳалари асосида 1000 дан ортиқ турли хайрия ва ижтимоий тадбирлар ўтказилди, 674 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Вилоятнинг олис чўл ҳудудларида жойлашган 6 та тарихий қадамжоларга ташриф буюрувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, 11 та маҳаллага замонавий кутубхона, 12 та маҳалла, 6 та спорт федерацияси ва клубларига спорт жиҳозлари олиб берилди. Шунингдек, 4 та қабристон обод қилиниб, сув танқис бўлган 14 та маҳаллада ер ости қудуқлари қазилиб, аҳолига ичимлик сув етказиб бериш ҳолати яхшиланди.

– Учрашувда ижтимоий шериклик механизмларини ривожлантириш, давлат органлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш, аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этишда ННТларнинг иштирокини кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди, – дейди “Фидоий ёшлар телеклуби” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Ғулом Султонов. – Учрашув қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Унда фақат назарий масалаларни муҳокама қилиш билан чекланиб қолинмади. Ҳудудларда долзарб бўлиб турган экологик муаммолар, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, давлат ижтимоий буюртмаларининг бажарилиши каби амалий йўналишлардаги муаммолар ва таклифлар очиқ муҳокама қилинди. ННТлар раҳбарлари ўз фаолиятида дуч келаётган бюрократик тўсиқлар, молиявий манбаларни излаш, давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик каби масалалар бўйича ўз муносабатларини билдирди.

Тадбир давомида таъкидланганидек, бу каби учрашувлар келгусида ҳам тизимли тарзда давом этиб, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашувдан сўнг ассоциация вакиллари Кармана туманидаги Варқ маҳалласида ичимлик сувини етказиб бериш тизими йўқлиги ва Сангбуртепа тарихий обидасини қайта тиклаш юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Якунда ушбу муаммоларни ассоциация қошидаги Фонд кўмагида молиялаштириш юзасидан келишувга эришилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири