Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарда маҳсулот таннархини камайтириш белгиланди
11:21 / 2025-11-20

«Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши эълон қилинди.

Унга мувофиқ, 2026 йилда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарда маҳсулот таннархини камайтириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш белгиланди. 

Фармойишга кўра давлат корхоналарида маҳсулот таннархини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди: 

а) харажатларни ҳар чоракда қайта таҳлил қилиш (spending review) орқали келгуси даврдаги ҳар бир йўналиш устуворлигидан келиб чиқиб, бюджетни тўлиқ “нолдан” қайта кўриб чиқиш (zero based budgeting) амалиётини йўлга қўйиш;

б) моддий-техник таъминот харажатларини мақбуллаштириш – ўхшаш турдаги товар ва ресурсларни биргаликда харид қилиш орқали таннархни пасайтириш, логистика жараёнларини такомиллаштириш; 

в) ёрдамчи функция ва хизматларни аутсорсингга топшириш, асосий бўлмаган ишларга ихтисослашган ташкилотларни жалб этиб, ортиқча бошқарув харажатларини қисқартириш; 

г) тежамкор ишлаб чиқариш ва меъёрлаш тамойилларини жорий этиш, меҳнат ва ресурслар сарфи бўйича илғор меъёрларни амалиётга татбиқ қилиш орқали чиқимларни камайтириш; 

д) замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш ва бошқарув операцияларини автоматлаштириш, самарадорликни ошириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш; 

ж) бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талаблари асосида шаффоф юритиш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш; 

з) ходимлар ташаббусларини рағбатлантириш – иқтисодий самара берадиган таклифлар учун мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи чораларни кўриш орқали тежамкорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш; 

и) очиқлик ва жамоатчилик назорати – компаниянинг молиявий ва маъмурий фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка ахборот етказиш ҳамда фуқаролар томонидан назорат ва фикр-мулоҳаза билдириш учун шароит яратиш; 

к) энергия самарадорлиги – энергия аудити ўтказиш орқали энергия истеъмолини таҳлил қилиш, тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш; 

л) ташкилий тузилма ва кадрлар сонини мақбуллаштириш – корхоналарнинг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш, такроланувчи ва самарасиз лавозимларни қисқартириш ҳамда меҳнат унумдорлигини ошириш; 

м) ресурслардан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик учун ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлаш. 

Давлат корхоналари бир ой муддатда мазкур фармойишда белгиланган йўналишлар асосида таннархни камайтириш ва самарадорликни оширишга қаратилган ўз дастурларини ишлаб чиқишлари белгиланган. 

Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиш ва унинг асосий вазифалари белгиланган. 

Комиссиянинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади: 

а) фармойиш ижросини таъминлаш доирасида давлат корхоналарида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг бажарилиши устидан тизимли мониторинг ва таҳлил олиб бориш; 

б) давлат корхоналарига харажатларни мақбуллаштириш ва самарадорликни ошириш бўйича дастурлар тайёрлашда методологик ёрдам бериш, ушбу йўналишда зарур услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

в) харажатларни қисқартиш ва иш унумдорлигини ошириш бўйича қўшимча ички захираларни аниқлаш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан таклифлар тайёрлаш; 

г) тўлов тизимини такомиллаштириш орқали дебитор ва кредитор қарздорликларни камайтириш; 

д) корхоналарнинг кредит портфели бўйича мавжуд мажбуриятлари, шу жумладан қўшимча маблағларни жалб қилиш заруратини таҳлил қилиш; 

ж) кузатув кенгаши аъзолари томнидан уларга юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таҳлил қилиш; 

з) белгиланган чораларнинг натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республиксаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш. 

Фармойишга кўра: 

а) Давлат корхоналари учун биргаликда харид қилиниши мумкин бўлган асосий товарлар рўйхати; 

б) Биргаликдаги давлат харидларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби; 

в) Давлат корхоналарида аутсорсинг асосда бажарилиши лозим бўлган функция ва хизматлар рўйхати; 

г) Давлат корхоналарида рақамлаштириш жорий этиладиган жараёнлар ва ахборот технологиялари маҳсулотлари рўйхати тасдиқланди.

ЎзА