Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат тилининг нуфузини оширишга барчамиз масъулмиз
15:40 / 2025-10-24

Бой тарих ва юксак маънавий хазинага эга бўлган ўзбек миллати бугунги кунда янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. “Янги Ўзбекистон” ғояси халқимизнинг она тилига бўлган муҳаббатини, миллий ғурурини ва маънавий бирлигини янада мустаҳкамламоқда.

Юртимиз барча соҳаларда изчил ривожланиб, халқаро майдонда муносиб ўринни эгаллаб бормоқда. Шу билан бирга, ўзбек тилининг нуфузи ва қўлланиш доираси ҳам тобора кенгаймоқда.

Инсон ҳаётида она тилининг ўрни беқиёс. У миллатнинг руҳи, ўзлиги ва ифтихоридир.  Президентимизнинг жорий йил 20 октябрда қабул қилинган  “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўзбек тилини янада нуфузини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу ҳужжат она тилимизнинг қадр-қимматини юксалтириш, унинг ҳаётийлигини таъминлаш ҳамда ўзбек тилида сўзлашувчи авлоднинг билим салоҳиятини оширишга хизмат қилади.  

Айниқса, қарорда ўзбек тилини илм-фан, техника ва ахборот технологиялари тили сифатида мустаҳкамлаш, таълим тизимида ўқитиш усулларини такомиллаштириш, янги авлод дарсликларини яратиш ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури  тасдиқланди. Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эллик талабалар ўртасида республика ўзбек тили олимпиадаси, “Ўзбек тили – қалбим таржимони” , “Жонажон ўзбек тилим” кўрик-танловлари ташкил этилади.

Дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили — миллатимизнинг юраги, мустақил давлатчилигимизнинг тимсоли, маънавий бойлигимиздир. Ким бу тилнинг чексиз имкониятини ҳис қилмоқчи бўлса, онамизнинг алласини, бахшиларимиз достонларини, ҳофизларимизнинг қўшиқларини эшитсин, шунда у ўзбек тилининг севимли ва сеҳрли жозибасини англайди.

Давлат тилига бўлган эҳтиром бу мустақилликка бўлган эҳтиромдир. Она тилига садоқат, Ватанга садоқатдир. Шу боис ҳар биримиз бу муносабатни ҳаёт қоидасига айлантиришимиз керак. Она тилимизга ҳурмат, миллий қадриятларимизга садоқат ва Ватанга муҳаббатни аввало ўзимиздан, оиламиз ва жамоамиздан бошласак, бу юксак ҳаракат самарали натижа беради.

Ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, маданияти ва тарихий тараққиёти унинг тилида акс этади. Шу боис ҳар бир юртдошимиз ўз тилининг нуфузи ва тараққиёти учун шахсан масъул эканини ҳис қилиб яшаши зарур.

Соҳибжамол Тонготарова,

Фарғона вилояти ҳокимининг маънавият 

ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.

ЎзА