Ҳар бир миллатнинг буюклиги, аввало, унинг тилида, маданиятида ва қадриятларида намоён бўлади.
Тил - бу халқнинг руҳи, тарихий хотираси ва маънавий бойлигининг ифодасидир. Ўзбек тили ана шундай бебаҳо мерос бўлиб, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган миллий ғурур ва ўзлигимиз тимсолидир. Шу боис, бугунги кунда давлат тилининг нуфузини ошириш, уни ҳаётнинг барча жабҳаларида кенг қўллаш нафақат тил сиёсати, балки миллий тараққиёт масаласига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябдаги "Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарори миллий ўзлигимиз, маънавиятимизнинг энг муҳим асосларидан бири бўлган ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтиришга қаратилган муҳим дастуриламал сифатида тарихий аҳамият касб этади. Ушбу қарор давлат тилини ривожлантириш бўйича белгиланган асосий мақсадлар: мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, унинг фан тили сифатидаги мавқеини ошириш, тил софлигини сақлаш ва луғат бойлигини бойитиб бориш, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларига интегратсиялашуви каби долзарб вазифаларни ўз ичига олган.
Шунингдек, қарорда ёш авлодда давлат тилига муҳаббат ва эътиқодни мустаҳкамлаш, ўзбек тили ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида қатор амалий ташаббуслар илгари сурилган. Жумладан, умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида иншолар танлови, "Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси" республика танлови ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ҳар йили ўтказиш белгиланган.
Энг қувонарлиси, мазкур олимпиада ғолиблари учун олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти яратилади. Бу эса ёшларимизни она тилини чуқур ўрганишга, уни севиш ва улуғлашга ундайди.
Давлат тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ҳам ушбу қарорнинг устувор йўналишларидан биридир. Бу йўлда хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг ўзбек тилини ўрганиши ва тарғиб қилиши учун қулай шароит яратиш режалаштирилган. Шу тариқа ўзбек тили нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўз ўрнини топмоқда.
Президент қарорида белгиланган вазифалар миллатимиз маънавий қиёфасини мустаҳкамлаш, ёшлар онгида ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғусини кучайтиришга хизмат қилади. Зеро тил – бу халқнинг руҳи, тафаккури ва келажагидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида мен ушбу қарорни мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири, миллий ўзликни асраш ва янада юксалтириш йўлидаги амалий дастур деб биламан. Энди ҳар биримиз – депутатлар, ўқитувчилар, зиёлилар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари давлат тилининг ривожига ҳисса қўшишимиз, уни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз зарур.
Давлат тилининг нуфузини ошириш бу нафақат лингвистик масала, балки миллий ғурур, маънавий юксалиш ва мустақил тараққиёт таянчидир.
Руслан Жумамуратов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА