1989 йил 21 октябрда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу сана она тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаган кун сифатида тарих зарварақларидан жой олди.
2020 йил 10 апрелдаги қонунга асосан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани эса ҳар бир юртдошимизга алоҳида миллий ғурур бахш этди.

Олий судда Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.
Олий суд судьялари ва ходимлари жам бўлган ушбу тадбирга ўзбек филологиясининг жонкуяр олими, профессор, адабиётшунос ва жамоат арбоби Қозоқбой Йўлдошев ташриф буюрди.
Таъкидланганидек, юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган 1989 йилда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган қонунни қабул қилиш осон кечмаган.
Ҳақиқатан ҳам ўша даврда ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадами эди.

Ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб, ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт- шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурч бўлиб қолиши қайд этилди.
Дарҳақиқат, она тилимизнинг софлигини асраш, унинг равнақига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Шундай экан, она тилимизга ҳурмат ва эътиборимизни янада оширишимиз, саводхонликка катта эътибор қаратиш ғоятда муҳим.
Н.Абдураимова, ЎзА