21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун ўша даврда халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлган, десак асло муболаға бўлмайди. Қонун моддаларида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши белгиланганлиги муҳим аҳамият касб этган.
2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса халқимизнинг дилидаги, орзусидаги иш бўлган эди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонланади.
Миллатнинг нуфузи ана шу миллат, халқ тилининг қанчалик кенг тарқалганлиги, мукаммаллиги, оммалашганлиги, бой ва софлиги билан белгиланади. Шу маънода айтиш жоизки, она тилимиз – ўзбек тили ҳам асрлар оша ўз софлигини, ўзига хос жиҳатларини сақлаб, сайқалланиб, яшаб келаётган дунёдаги ўнлаб тиллардан бири ҳисобланади. Она тилимиз миллатимиз кўрки, ғурури сифатида халқаро миқёсда эътироф топган. Айниқса, Президентимиз 2020 йилда БМТ Бош Aссамблеясининг онлайн тарзда ўтказилган 75-сессиясида, яқинда бўлиб ўтган 78- сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаганлиги она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди.
Қадимдан халқимиз нафақат озодлик учун, балки она тилимизнинг софлигини сақлаш, йўқотмаслик, уни йўқ қилишга бўлган уринишларга қарши курашиб келган. ХIХ асрнинг охирида ўлкамизда чор Россияси, ХХ аср бошларида эса совет ҳукумати ҳукмронлигининг ўрнатилганлиги она тилимизнинг яшашига, софлигига катта таҳдид солган. Ўша даврнинг ҳукмрон сиёсати собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган республикалар халқлари, миллатлари миллий тилларини йўқ қилишга қаратилган эди. Қарийб етмиш йил ҳукумронлик қилган ана шу сиёсат даврида ҳақиқатдан ҳам кўплаб миллий тиллар йўқолди ёки йўқ бўлиш ҳолатига келиб қолди.
Халқимиз, ана шундай оғир даврларда ҳам она тилимизни йўқотмади. Тўғри, ана шу даврда тилимизга рус тилидан жуда кўп сўзлар кириб келди. Лекин она тилимиз сақлаб қолинди. Бошқа тиллардан кириб келган сўзлар билан тилимиз янада бойигани ҳам бор гап. Мустақилликка эришганимиздан кейин эса тилимиз луғатини софлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, тилимизга давлат тили мақоми берилди. Ваҳоланки, бу саъй-ҳаракатлар бугунги кунга қадар ҳам давом этмоқда.
Ўзбек тилини шу Ватан тупроғини босаётган, ўзбекман дея фахр билан яшаётган ҳар бир шахс қадрламоғи, ҳурмат қилмоғи лозим. Қолаверса, Бош қомусимиз, тегишли қонун билан ҳимояси кафолатланган она тилимизни асраб-авайлаш ҳар бир миллатдошимизнинг ҳам инсоний, ҳам фуқаролик бурчидир.
Ёшларимиз томонидан чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганлиги ғоятда яхши. Аммо бошқа тилни ўрганиш билан она тилимизни иккинчи даражали тилга айлантириш мутлақо нотўғридир. Хорижий тиллардан қаерда ва қачон фойдаланишни билиш ҳам аслида бир таълимдир. Мактабларда, мактабгача таълим ташкилотларида ўқитувчи ва тарбиячиларимиз ёш авлодга катталарга салом бериш кераклигини қандай ўргатишган бўлса, ёшларнинг она тилига бўлган ҳурмат, меҳр ва садоқатини ҳам шу тарзда уларнинг тафаккурига сингдириши керак. Акс ҳолда, жамиятда ўз тилини эъзозламайдиганлар сони кўпайиб бораверади.
Ўзбек тилини ривожлантиришда, аввало, инсонлар кўзига ташланиб турадиган жойлардаги ёзувлар, панно ва плакатлар, ёзувли реклама воситаларининг она тилида акс эттириш муҳим аҳамият касб этади. Минг афсуски, бугунги кунда кўчалардаги ана шу воситаларнинг аксарияти рус, инглиз тилларида ёзилаётганлиги ҳам тилимизга бўлган ҳурматсизликдир. Қолаверса, бу каби салбий кўринишлар миллат руҳини синдиради, бошқа миллатнинг маданияти ва тилига эргашишга ундашга хизмат қилади. Шу боис ҳам, ана шу йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга, юқорида айтиб ўтилган каби кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Айни пайтда Андижон тумани ҳудудида 260 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Аҳолининг 92,9 фоизини ўзбеклар, қолган қисмини рус, татар, украин, қирғиз, қозоқ, туркман ва бошқа миллат вакиллари ташкил этади. Бутун юртимизда бўлгани каби туманимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари ўз тилларида бемалол сўзлашиш имконига эга. Бунинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин ўзга миллат вакили бўлган юртдошларимиз ҳам шу юрт фуқароси сифатида тилимизга ҳурмат билан қарайди, тилимизда эмин-эркин гаплаша олади.
Ҳозир туман ҳудудида жами 1 минг 653 та корхона ва ташкилот фаолият кўрсатади. Шундан 78 таси маҳалла фуқаролар йиғини, 56 таси умумий таълим мактаби, 2 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 32 та мактабгача таълим ҳамда 5 таси ўрта махсус таълим муассасаларидир. Шунингдек, туманда мингдан ортиқ савдо, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектлари иш юритади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни 10-моддасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши, қонуннинг 19-моддасида эса муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари муҳрлари, тамғалари, иш қоғозларининг матнлари давлат тилида бўлиши лозимлиги белгиланган. Шунга асосан, тумандаги географик объектларнинг номлари, корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ёрлиқ, йўриқнома ва ёрлиқлари, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 1995 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан жорий йилнинг июнь - июль ойларида давлат тилига тўлиқ амал қилиниши бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида айрим ташкилотлар ҳужжатларида тилимизни қўллаш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Уларга ана шу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, бу каби хато ва камчиликларга йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, кўплаб савдо шохобчаларидаги эълон ва пешлавҳаларнинг чет тилларида ёзилганлиги аниқланиб, уларга нисбатан ҳам қонуний чоралар кўрилди. Умуман, туманда давлат тилига оид фармон, қарор ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бажарилишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак.
Сожидахон Саидова,
Андижон тумани ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар
самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун
ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА