Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилди
09:07 / 2020-03-04

Янги марказ қандай вазифаларни бажаради?


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, энди мазкур университет олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Шу билан бирга, университет ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилади.

Мазкур муассаса вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан, хорижий фуқароларга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

ХЎШ, ЯНГИ МАРКАЗ ҚАНДАЙ ВАЗИФАЛАРНИ БАЖАРАДИ?

Вазирлар Маҳкамаси қарорида бу масалалар юзасидан аниқ жавоблар келтирилган. Хусусан, марказ ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган ўқув ва малака ошириш курсларини ташкил этади. Ўз навбатида, давлат хизматчиларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига acосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этади.

Бундан ташқари, аҳолининг ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш, ўзбек адабий тили меъёрлари, ўзбек тилининг тузилиши бўйича амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини тизимли асосда ошириб бориш бўйича таъсирчан чоралар кўриш ҳам янги марказ зиммасидаги устувор вазифалар сирасидандир. 

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ходимлари умумий чекланган сони 53 нафардан иборат бўлиши ҳужжатда қатъий белгилаб қўйилган.

МУАССАСАДА КИМЛАР ЎҚИТИЛАДИ?

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари пулли шартнома асосида ўқитилади. Тингловчилар тегишли олий таълим муассасаларининг Ахборот-ресурс маркази электрон адабиётлар фондидан бепул асосда фойдаланади. 

Аҳоли учун ўзбек тилида ёзма ва нутқ маданиятини шакллантириш бўйича ташкил этиладиган бепул ўқув курслари харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. Қарорда марказнинг ҳудудий бўлинмалари жойлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтларининг биноларига жойлаштирилиши белгиланган.