Шу йилнинг 23 сентябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, Халқаро қўшма комиссиядан (Joint Commission International) аккредитациядан ўтган дастлабки 30 та хусусий тиббиёт муассасасининг аккредитациядан ўтиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Туризм қўмитасига Ўзбекистоннинг чегара божхона постлари ҳудудида хорижий фуқаролар учун республикадаги тиббиёт, соғломлаштириш муассасалари имкониятлари тўғрисида тарғибот кампанияларини ташкил қилиш, давлат тили ва хорижий тилларда тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестрини шакллантириш ва уни доимий равишда янгилаб бориш сингари қўшимча вазифалар юклатилди.
Шунингдек, тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийларни сертификатлаштирилишини ташкил қилиш ҳамда махсус тиббий ва соғломлаштириш туризми йўналишлари (маршрутлари)ни ишлаб чиқиш вазифаси берилди.
2025 йил 1 мартгача тиббиёт муассасалари, санаторийлар ва тиббий туризм йўналишида хизмат кўрсатувчи туроператорларнинг хизматлари сифати баҳолаб борилишини назарда тутувчи рейтингни шакллантириш учун электрон платформа ҳамда давлат тили ва хорижий тилларда тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестри ишга туширилади.
ЎзА