Реклама ва ташқи ёзувлар ҳар бир давлатнинг ҳудудий мансублигини билдирувчи воситалардан бири ҳисобланади.
Аммо, афсуски кўп ҳолларда тадбиркорларимизнинг ўз маҳсулотлари ва хизматларини дабдабадор тарзда тақдим этишга нисбатан ҳаддан ташқари истаклари туфайли кўчалар, бино ва иншоотлар, савдо объектлари пешлавҳаларида Давлат тили талабларига зид тарзда битилаётган реклама ёзувларини ҳам учратамиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” дея белгиланган бўлсада, амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади”) юқоридаги қонунни инкор қилар, натижада реклама тилининг давлат тилида тўғри ёзилишини таъминлашда чекловларни келтириб чиқарар эди.

Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси эндиликда ана шу номувофиқлик ҳолатларини бартараф этиб, реклама матнининг давлат тилида ёзилиши талабини қўймоқда. Жорий йилнинг 7 июнь куни қабул қилинган қонуннинг янги таҳрири 9 сентябрдан бошлаб кучга киради.
–Албатта тилимиз софлигига эришиш учун ушбу кунни тақвимга қараб, соат санаб кутиш ярамайди, – дейди Бухоро вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов. – Шу боис вилоят ҳокимлиги томонидан соҳага ташкилотлар билан ҳамкорликда алоҳида чора-тадбирлар дастури шакллантирилди.

Барча шаҳар ва туманларда ташқи ёзувлар ишлаб чиқарувчилари, маҳаллий тадбиркорлар иштирокида семинарлар ўтказилди. Тадбирларда янги таҳрирдаги қонун аҳамияти, унда барча реклама матнлари давлат тилида ёзилиши кераклиги, тадбиркорнинг хоҳишига биноан реклама матнининг бошқа тиллардаги таржимаси ўзбек тилидаги матннинг пастида кичикроқ ўлчамларда берилиши мумкинлиги, мазкур талаблар бузилган тақдирда тегишли чоралар кўрилиши батафсил тушунтирилди. Шу билан бирга барча шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан қонуннинг 6-моддаси шарҳига бағишланган видеомурожаатлар тайёрланиб, маҳаллий ҳокимликлар веб-сайтлари ва расмий телеграм каналларида ёритилди. Қолаверса, маслаҳатчилар томонидан бевосита жойига чиқиб, тадбиркорларга Реклама тили талаблари хусусида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ана шундай тушунтириш ишлари натижасида Давлат тили талабларига зид бўлган 128 та ташқи ёзувлар бартараф этилиб, тузатилди. 343 та тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш хатлари тарқатилди. 9 сентябрга қадар ёзувлар тартибга келтирилмаган тақдирда энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баробари миқдорида жарима ундирилиши хусусида огоҳлантириш берилди. Олиб борилган ишлар натижасида Жондор, Шофиркон, Қоровулбозор, Қоракўл туманларидаги барча ташқи ёзувлар тўлиқ давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига мослаштирилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Хорижий сайёҳлар нисбатан кўп ташриф буюрадиган, турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган Бухоро шаҳри ҳудудида ташқи ёзувларнинг ажнабий тилларда ёзилишини тадбиркорлар кўпроқ мижоз жалб этишга уриниш сифатида изоҳлашмоқда. Албатта чет тилларини ўрганган яхши. Қонунда ҳам реклама матнининг хорижий тилдаги таржимасини келтиришга рухсат берилган. Фақат унутмаслик керакки, ҳар бир давлатнинг сўзлашуви, ташқи ёзувларида унинг расмий давлат тили устувор бўлмоғи лозим.
Ҳар қандай қонун аввало ўз ижроси билан қадрлидир. Қонунга бўйсуниш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Зеро гап миллатимиз кўзгуси бўлмиш она тилимиз ҳақида борар экан, бунда ҳеч биримиз бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Зариф Комилов, ЎзА