Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат тили тўғрисидаги қонун мавсумий характерга эгами?
19:45 / 2020-05-13

Ёшларимиз кўпинча таниқли сухандонларимиздан ўрнак олади, уларни ўзларига устоз сифатида танлайди.


Телевидение, радиода бошловчилик қилаётган сухандонларимизнинг очиқдан-очиқ шевада сўзлашишлари, ажнабий тиллардан фойдаланишлари ҳайратимни оширади.Таажубга солаётган жиҳати бу ҳурматсизликка уларнинг раҳбарияти томонидан ҳеч қандай чора қўлланилмаётганидир. Агар чора қўлланилганида шеваларда сўзлашиш ҳали-ҳамон кузатилмаётган бўлар эди. Ёшларимиз кўпинча таниқли сухандонларимиздан ўрнак олади, уларни ўзларига устоз сифатида танлайди.

 Тўғри, давлат тили тўғрисидаги қонун бор. Аммо минг афсуски, назаримда, ушбу қонун мавсумий характерга эга бўлиб қолаётгандай. Ўттиз йилдан бери октябрь ойида Давлат тили билан боғлиқ санани нишонлаймиз, аммо бу эътироф шу кунни ўзида якунга етади. Шу билан тилимизни эъзозланган кунни нишонлаш бўйича тантаналар ҳам тугайди. Юқоридаги ҳолатлар ҳамон бор экан, тилимизга бўлган ҳурмат бизга ҳар куни ўзини эслатиб туришига эҳтиёжимиз бор.

Бундан бир аср олдин, атоқли маърифатпарвар шоир Абдурауф Фитрат “Она тилимиз бой, аммо бахтсиздир” деб таъкидлаган экан. Демак, тилимиз бахтли бўлиши учун бир асрдан буён курашяпмиз. Президентимиз жамиятда ўзбек тили ҳимояси учун қайғурадиган зиёлиларни қўллаб-қувватлаётгани юртимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами, дея эълон қилинганида ҳам ўз тасдиғини топди. Демак тилимизни асрашга бўлган умидларимиз сўнмайди, курашларимиз давом этади. Эндиликда бу кунни халқимиз умумхалқ байрами сифатида нишонлайди. Бу қарор тилимизнинг мақому мартабасини ошириш бўйича улкан қадам бўлди. Унинг эъзозини, мавқеини яна бир неча поғонага кўтарди.

Айниқса Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган бирорта давлат ташкилоти иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига жарима солиниши белгиланган қонун лойиҳаси ўз ўрнида қилинган муҳим ташаббус деб қабул қилиниши керак.

Нафақат давлат ташкилотлари, балки юртимизда фаолият юритаётган барча ташкилотлар хусусан, хусусий телеканаллар, радио ва интернетдаги фаол блогерлар ҳам – ўзбек тили меъёр қоидаларига амал қилиб, унинг иззат-икромини жойига қўймоғи керак.

А.Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор сингари буюк сўз усталари ижодида ўз гўзаллиги ва бойлигини кўрсата олган она тилимизнинг жозибасини дунёга тараннум этишда фаол бўлмоғимиз керак.

Она тилим деб бежиз айтилмайди. Тилимизнинг муқаддаслиги онага менгзалади. Онадек муқаддас бўлгани учун ҳам уни асрамоғимиз керак. Ўз тилингни эъзозлаш ҳам ватанпарварликнинг аломатидир! Айниқса ҳар куни жамоат эътиборида бўладиган сухандонларимиз, фаолият соҳасидан қатъи назар, таниқли бўлган ҳар бир шахс она тилига бўлган ҳурматини забонида исботламоғи керак. Умуман олганда ҳар биримиз она тилимиз эъзозини кундалик фаолиятимизга айлантирсаккина, унинг мавқеини оширишга эришамиз.

КЕЧИР ТИЛИМ

Кечир тилим ҳаммаси учун,

Ўзлигимиз эдинг, сезмадик,

Фитратларинг каммиди аХир,

Ҳимоянгга қалқон тизмадик.

Навоийдан мерос қолганим,

Беш достонда кездинг дунёни,

Китобларда янгради созинг,

Таратарсан миллий зиёни.

Кечир сени қадринг билмадим,

Қанча фурсат берилди-ку бой,

Асли сендек лаҳжа йўқ бошқа,

Сенинг каби тил йўқ хушчирой

Ўзбек тилим онамдек азиз,

Буюкларнинг тилларида жо,

Мустабидлик, қарамлик кўрдинг,

Луғатларда қилдинг илтижо.

Буюкларнинг қалами битган,

Ғазалларда мамнун этгум ёд.

Етти мингга яқин тил ичра,

Сенинг билан чиқардим савод.

Кечир ширин аллаларида,

Сеҳринг сезмай ўтган дилларни.

Ўз тилини қадрин англамай,

Ўзга тилга маҳкум қулларни.

Қаддинг кўтар келди замонинг,

Фитратларинг ҳимоянгга шай,

Мана энди номинга атаб,

Кеч бўлса-да ашъорлар битай.

Кечир тилим ҳаммаси учун.


Камола АБДУВАЛИЕВА,
“Миллий тикланиш” партияси Андижон
вилоят Кенгаши матбуот котиби