Қашқадарё вилоятида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги катта тантана билан нишонланди. Байрам “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар билан бошланди.
Тантаналар аввало Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан старт олди. Таниқли ижодкорнинг бой илмий ва адабий мероси, миллий ғурурни улуғловчи асарлари бугун ҳам ҳар бир юртдошимиз қалбида ифтихор билан янграмоқда. Шу муносабат билан шоир номидаги ижод мактаби қошида фаолият юритаётган музей билан ҳам меҳмонлар яқиндан танишди.
Байрамона кайфият Қарши давлат университетида давом этди. Бу ерда “Глобаллашув даврида тил ва таълим: назария ва амалиёт” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради, давлат тили ривожига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Вилоят ҳокимининг табриги иштирокчиларга ўқиб эшиттирилди.
[gallery-25842]
Давлат тили равнақи йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир қатор фаоллар тақдирланди.
Анжуманда тилшунослик ва адабиёт соҳасидаги етакчи олимлар – Тошкент Амалий фанлар университети профессори, филология фанлари доктори Бахтиёр Менглиев, Туркия Республикаси Отажурт университети профессори Ҳусайн Байдемир ҳамда доцент Рейҳан Каркинлилар маърузалари билан қатнашди. Улар ўзбек тилининг илмий изланишлар тизимидаги ўрни, туркий тиллар оиласидаги ўзига хос хусусиятлари ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Қарши давлат университети профессори, филология фанлари доктори Нилуфар Йўлдошева таҳрири остида тайёрланган “Қашқадарё вилояти жой номлари изоҳли луғати” нашри тақдимоти ҳам ўтказилди. Луғат муаллифлари анжуман иштирокчилари олдида тақдирланди.
Тадбир давомида вилоят мусиқали драма театри актёрлари саҳна кўринишлари, Абдулла Орипов номли ижод мактаби ўқувчилари ва Қарши давлат университети талабаларининг бадиий чиқишлари, мақомчилар жамоаси ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчилар қалбида юксак ҳис-туйғулар уйғотди.
Шунингдек, “Ўзбек тили” мавзусида интеллектуал викторина ҳам ташкил этилди. Унда ёшлар она тилимизнинг бой сўз хазинаси, ибора ва маънолар дунёси бўйича билимларини синовдан ўтказди.
Тантаналар доирасида Қарши давлат университети майдонида “Ўзбек тили байрами” сайли ҳам бўлиб ўтди. Бу ерда тил ва адабиётга оид китоблар кўргазмаси, ёш ижодкорлар чиқишлари ҳамда миллий қадриятларни тарғиб этувчи кўргазмалар ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари