Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат тили – мустақиллик тимсоли (+видео)
17:56 / 2024-10-21

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Марказий истироҳат боғида Ўзбек тили байрами ва “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир иштирокчиларини Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримов ўзбек тили байрами билан табриклади. Ўзбек тилининг нуфузини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ижросини таъминлашда нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир фуқаро масъуллиги таъкидланди.

– Ҳозир ота-оналар фарзандларига хорижий тилларни ўргатишга алоҳида эътибор беряпти, бундан хурсанд бўлиш керак, – деди С.Каримов. – Лекин фарзандларимиз аввало она тили бўлган ўзбек тилини пухта ўрганиб олиши, шу тил воситасида тафаккури шаклланиши, дунёқариши пайдо бўлиши лозим. Бу майда масала эмас, халқнинг, миллатнинг эртаси билан боғлиқ вазифа.

Самарқанд давлат университети Туркология илмий-тадқиқот институти илмий ходими Эмраҳ Йилмаз ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирди. 

[gallery-19904]

– Самарқанд давлат университети Туркология институтида ва филология факультетида талабаларга турк тили ва ғарб тилларидан дарс бераман – дейди Эмраҳ Йилмаз. – Шу билан бирга профессор Жўлибой Элтазаров раҳбарлигида туркман адабиётининг йирик вакили Махтумқули Фироғий ижоди бўйича диссертация ёздим ва ўзбек тилида ҳимоя қилдим. Мен учун Навоий қадами етган заминда бўлиш, Навоий тилида гапириш чексиз фахр. Зеро Алишер Навоий турк тили ва адабиёти ривожига жуда катта ҳисса қўшган улуғ алломадир. Давлат тили – мустақиллик тимсолларидан бири, қадриятларнинг бардавомлиги она тилига боғлиқ. 

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ижодкорлар, талабалар, турли миллатга мансуб ёшлар ўзбек тили ҳақида шеърлар ўқиди. Она тили мадҳ этилган қўшиқлар ижро этилди. 

Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, таълим муассасалари, ижодий уюшмалар томонидан боғ марказидаги ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Шундан сўнг вилоятдаги олий таълим муассасалари, мактаблар ва бошқа ташкилотларда ўзбек тили байрамига бағишланган илмий-маърифий учрашувлар, анжуман ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Вилоят мусиқали драма театрида концерт дастури намойиш этилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/H6QYrxsjsdU" title="Davlat tili – mustaqillik timsoli" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари