Бухоро вилояти ҳокимлиги, Рақобат ва Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан узлуксиз равишда Бухоро шаҳридаги ташқи ёзув ва рекламаларнинг тегишли қонунчилик талабларига мослаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ажнабий тилда ёки давлат тили қоидаларига зид тарзда имловий хатолик билан ёзилган 324 та ёзув олиб ташланган.
–“Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига зид тарзда ўрнатилган 843 та конструкция бартараф этилди, –дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов. –2464 та тадбиркорлик субъектига рекламаларни ўрнатиш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди. Аммо, афсуски, ишчи гуруҳи томонидан тартибга келтирилган айрим кўчаларда бир ҳафта ўтмасданоқ яна реклама ва давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид ёзувлар ўрнатилиши кўзга ташланмоқда. Аслида ушбу кўринишдаги қоидабузарликларга нисбатан қонунчиликда базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача жарима қўллаш назарда тутилган. Бироқ тадбиркорларни ортиқча чиқимлардан холос этиш мақсадида дастлабки ҳолатларда фақатгина тушунтириш бериш билан чекланилаётган эди. Аммо андишанинг отини қўрқоқ қўйган тадбиркорлар томонидан давлатимизнинг ўзларига нисбатан бағрикенглиги ва кечиримлилиги суиистеъмол қилиниб, яна давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш ҳоллари кузатилмоқда. Шу ўринда уларга кечиримлилик ҳар хар доим ҳам бўлавермаслиги, эндиликда кичик қоидабузилишларга ҳам қонуний чоралар қўлланилиши хусусида эслатиб ўтмоқчимиз. Албатта, ҳар қандай қонун аввало ўз ижроси билан қадрлидир. Қонунга буйсуниш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Зеро, гап миллатимиз кўзгуси бўлмиш она тилимиз ҳақида борар экан, бунда ҳеч биримиз бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасига асосан, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин, деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли ҳамда 2023 йил 31 августдаги 428-сонли қарорларида бино фасадида ўрнатилган ахборот матни 1 квадрат метр (ошхона ва ишлаб чиқариш корхоналарида 2 квадрат метр) ҳажмидан ошмаслиги лозимлиги, агар ушбу ҳажмдан ошса, у ташқи реклама ҳисобланиб, бунинг учун тегишли паспорт олиниши ҳамда ойлик тўловлар тўлаш кераклиги, бино фасадидан ташқарида фаолият тури ҳақида ахборот берувчи ҳар қандай ҳажмдаги устун ёки мослама реклама ҳисобланиб, бунинг учун тегишли паспорт олиниши ҳамда ойлик тўловлар тўлаш лозимлиги, реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 1781-моддасига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача жаримага тортилиши белгиланган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири