Сирдарё вилояти ҳокимлигида давлат тили тўғрисидаги қонун ва унга оид меъёрий ҳужжатлар ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ташкилот ва идоралари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, соҳа мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, давлат тили — миллатнинг руҳи, халқни бирлаштирувчи маънавий куч эканини таъкидлади.
– Давлат тили бу — фақат муомала воситаси эмас, балки миллий ўзлигимизнинг тимсоли, давлатчиликнинг муҳим белгисидир. Шу боис унинг нуфузини ошириш, қонун талабларига қатъий амал қилиш ҳар бир раҳбар ва ташкилотнинг бурчи бўлиши керак, – деди вилоят раҳбари.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар натижалари тил сиёсати ижросида ҳануз камчиликлар борлигини кўрсатди. Хусусан, Гулистон ва Оқолтин туманлари ҳамда Ширин шаҳридаги айрим маҳаллий нашрлар ҳануз кирилл алифбосида чоп этилаётгани, баъзи ҳокимлик ва бўлимларда ҳужжат айланмаси тўлиқ лотин ёзувига ўтмагани аниқланди. Бу ҳолатлар “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабларига зиддир.
Шунингдек, ташқи реклама воситаларида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Айрим туман ва шаҳарларда хорижий тилларда ёзилган, маънан эскирган баннер ва ёрлиқлар ҳалигача сақланиб қолган. Давлат хизматлари агентлиги маълумотларига кўра, тадбиркорлик субъектларининг ярмидан кўпи номи ўзбек тили меъёрларига тўлиқ мос келмайди. Бу эса нафақат қонунбузарлик, балки тил маданиятига бўлган бепарволикни ҳам кўрсатади.

Эркинжон Турдимов бу ҳолатларни кескин танқид қилиб, давлат тилига эътиборсизликни маънавий заифлик сифатида баҳолади.
– Бу масала фақат тил ҳақида эмас, балки халққа, давлатга бўлган ҳурмат ҳақида ҳамдир. Давлат тилида иш юритиш, ёзиш, гапириш — бу фахр, масъулият ва ватанпарварлик белгисидир, – деди вилоят раҳбари.
Йиғилиш якунида барча идора ва ташкилот раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Жумладан, мавжуд камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, барча расмий ҳужжатлар, ахборот ва реклама ёзувларини фақат лотин ёзувига асосланган давлат тилида юритиш топширилди. Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги кўчалар номларини белгилаш, кўрсаткичлар ўрнатиш ишларини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири