Давлат тили – давлатнинг овози
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ф.Тошев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Х.Очилов ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбир қатнашчиларини ўзбек тили байрами билан табриклади.
Бутун мамлакатимизда бўлгани сингари Самарқандда ҳам Ўзбек тили байрами кенг нишонланди.
Дастлаб Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғида тантанали тадбир ўтказилди.
Унда вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, таълим муассасалари, ижодий уюшмалар вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ф.Тошев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Х.Очилов ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбир қатнашчиларини ўзбек тили байрами билан табриклади. Бундан 31 йил муқаддам қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг аҳамияти, кейинги йилларда давлат тилининг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.
– Давлат тилини қўллаш, уни ўрганиш ва тарғиб қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида кейинги йилларда бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани барчамизни қувонтиради, – дейди Самарқанд давлат университети профессори М.Абдиев.
– Бу ўринда айниқса, Президентимиз томонидан кеча қабул қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш лозим.

Ушбу ҳужжат билан шу пайтгача амалга оширилган ишларнинг янги босқичи бошлаб берилди. Яқин ўн йилга мўлжалланган вазифалар аниқ-тиниқ белгилаб қўйилди.
Агар бу ишлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилса, ўзбек тилининг ўрни ва нуфузи нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам ошиши шубҳасиз.
Маросимда вилоят драма театри актёрлари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди, талаба-ёшлар шеър ва ғазаллар ўқиди.
Тадбир якунида ўзбек адабий тилининг асосчиси ҳисобланган Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.