English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат тиббий суғуртаси — сифатли тиббий хизматнинг кафолати
10:15 / 2025-08-14

Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиалида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Давлат тиббий суғуртаси тизимининг афзалликлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

[gallery-24745]

Унда давлат тиббий суғуртаси тизимининг жорий этилиши, унинг афзалликлари ва амалий натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бугунги кунда юртимизда аҳолига сифатли ва тенг имкониятли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида давлат тиббий суғуртаси тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.  

Бу тизим орқали фуқаролар исталган тиббиёт муассасасида сифатли тиббий хизмат олиш имконига эга бўлиш билан бир қаторда, “ўз чўнтагидан” қилинадиган харажатлар камаяди, ҳар бир шифохона фаолияти натижасига қараб молиялаштирилади ва тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилади.

– Тиббиёт соҳасида суғурта тизимининг тўлиқ йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улуши ўсишига, аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларининг сифатли тиббий хизмат билан таъминланганлик даражасини оширишга, тиббий хизматлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан-тўғри тўловлари даражасини камайтиришга хизмат қилади, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси методология бўлими бошлиғи ўринбосари Моҳира Эргашева. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, дастлаб Сирдарё вилоятида 2021 йил 1 июлдан давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш бошланган эди, Давлат тиббий суғуртаси механизмларини ушбу вилоятда жорий этиш тажрибасида оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамшира ҳамда доядан иборат тиббий бригадалар ташкил этилиб, қайта тайёрланиб, кундузги стационар хизматлар кенгайтирилди.  

Маълумотларга кўра, 2021-2025 йилларда 286 минг 823 нафар бемор давлат маблағи ҳисобидан даволанди ва уларга 2 триллион 120,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 2025 йилнинг январь-апрель ойларида эса 27 минг 104 нафар бемор бепул тиббий хизмат олди. Бунинг учун эса 223,1 миллиард сўмлик тўлов амалга оширилди.  

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда давлат тиббий суғуртаси механизмларини республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида 2024 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан Навоий вилоятида ҳам давлат тиббий суғуртаси тизими кенг жорий этилди.

– Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 133 та семинар ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб, тиббий хизмат сифатини назорат қилиш учун бир қатор мониторинг тадбирлари амалга оширилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. – Ўтган давр мобайнида 623 нафар имтиёзли тоифадаги бемор учун 3 миллиард 777 миллион сўм маблағ тўлаб берилди. 205 та дорихона реимбурсация дастурига киритилиб, 271,1 миллион сўмлик дори воситалари етказилди. Айни пайтда 190 та тиббиёт муассасаси узлуксиз молиялаштирилмоқда.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари тизимнинг аҳолига ижтимоий ҳимоя яратишдаги ўрни, тиббий хизмат сифатини оширишдаги аҳамияти ва бошқа бир қатор саволларга атрофлича жавоблар олишди.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари