French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш доирасида қандай чоралар кўрилмоқда?
10:39 / 2023-05-13

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан «Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари»га бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги тегишли қарорида белгиланган вазифаларнинг Сирдарё вилоятидаги ижроси, хусусан, вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан ташкил топган «тиббиёт бригадалари» фаолияти, кафолатланган пакет асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилиши, уни молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмларининг жорий этилиш ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вакиллари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул раҳбарлари иштирок этди.  

- Ушбу лойиҳа доирасида вилоятда тажриба-синов тариқасида тиббиётни ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган. Бу амалиёт дастлаб Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилган бўлиб, жорий йилдан Тошкент шаҳри тиббиёт муассасаларига татбиқ этилмоқда. Босқичма-босқич республиканинг қолган ҳудудларига жорий қилиш режалаштирилган. Жумладан,  давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига ҳамда 29 та хусусий тиббиёт ташкилотларига ҳам жорий этилди. Бу эса давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизматлар олиш ҳуқуқини берди. Натижада фуқароларнинг тиббиёт ташкилотини танлаш имконияти кенгайди ва тиббий хизматдан фойдаланиш қулайлиги ошди.

Шунингдек, кафолатланган пакет доирасида кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, беморлар учун ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш қулайлигини янада ошириш мақсадида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилиниб, электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилди, - деди қўмита раиси ўринбосари М. Ворисова.

Йиғилишда қайд этилганидек, Сирдарё вилоятида тиббиётни ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш доирасида ходимларни ўқитиш йўлга қўйилди, аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб борилди. Вилоятда патронаж кўриклари мақбуллаштирилиб, янгиланган мақсадли патронаж тизими жорий қилинди. Янги штат меъёрларига мувофиқ, поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида икки минг нафар бириктирилган аҳоли сонига 3 та штат бирлигида «тиббиёт бригада ҳамширалари» лавозими тасдиқланди. Оилавий шифокорга ёрдам берадиган ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган 432 та «тиббиёт бригадалари» ташкил қилинди. Улар томонидан вилоят аҳолисининг 831 минг 147 нафари ҳудудидаги тиббиёт муассасаларига бириктирилган ҳолда, уларнинг электрон базаси шакллантирилди.

Шу билан бирга, жойларда оилавий шифокор томонидан тор соҳа мутахассислари консультацияси ва стационар даволаниш учун йўлланмалар бериш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада 2021 йилга нисбатан ўтган йилда беморларни шифохоналарга йўлланма билан ётқизиш кўрсаткичи вилоят бўйича ўртача 85 фоизга етган бўлса, режали жарроҳлик бўлимларида оператив фаоллик 8,1 фоизга ошди.

Йиғилишда бир қатор таклиф-тавсиялар билдирилди. Хусусан, кундузги стационарлар фаолиятидан самарали фойдаланиш, шифохоналарда йўлланма асосида даволанишига эътиборни кучайтириш, тиббиёт муассасалари фаолиятининг ўзаро интеграциясини таъминлаш учун тизимни компьютер техникалари билан тўлиқ таъминлаш ишларини охирига етказиш, тиббиёт муассасаларини янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва зарур реактивлар билан етарли миқдорда таъминлаб бориш зарурлиги қайд этилди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА