Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси мажлислар залида Давлат тиббий суғуртаси механизмларини ҳудудларда жорий этишга тайёргарлик кўришга доир семинар ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё вилояти, семинарнинг иккинчи кунида эса Тошкент шаҳри, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Тошкент вилоятларининг ҳудудий вакиллари иштирок этди.
Дастлаб «Йўл харитаси» асосида Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди. Аниқланган камчиликлар ва хатолар муҳокама қилиниб, уларни тезкор ва сифатли ҳал этиш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Шунингдек, Давлат тиббий суғуртаси механизмлари асосида тиббиёт ташкилотларини молиялаштириш тартиби тўғрисида тақдимот ўтказилди. ДТСЖ бўлим бошлиғи Дониёр Қосимов томонидан молиялаштириш усуллари, ҳар бир даволанган ҳолат учун тўловларни ҳисоблашда қўлланиладиган клиник харажатлар гуруҳлари ва коэффициентларига оид маълумотлар берилди.
ДТСЖ ходими Мавлуда Ғиёсованинг маърузасида эса аҳолини амбулатория шароитида бепул дори воситалари билан таъминлаш (қоплаш) бўйича лойиҳанинг мақсад ва вазифалари (реимбурсация) батафсил тушунтирилди. Реимбурсацияни жорий этишдан кўзланган мақсад, унинг дастурига киритилган дори воситалари рўйхати, электрон рецепт, соҳада кузатилаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бўлими бошлиғи Умида Ғозиева. – Фуқароларимиз поликлиника, шифохона, кундузги стационар, шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларида бепул даволаниши мумкин. Поликлиникаларда оилавий шифокор қабули, тор соҳа мутахассислари консультацияси, диагностик ва лаборатор текширувлар, скрининг текширувлари, касалликларни даволаш, диспансер кузатуви, профилактик кўриклар, вакцинация, реабилитация сингари хизматлар кўрсатилади.
Стационарда эса диагностика ва лаборатор текширувлардан ўтиш, зарур тор соҳа мутахассислари консультациясидан фойдаланиш, даволаниш мумкин. Шунингдек, операция ва муолажалар, реабилитация ва паллиатив хизмат кўрсатилади. Бу ерда бемор стационар ётиб даволанади ва овқат билан таъминланади. Кундузги стационарда ҳам худди шу каби хизматлар кўрсатилади. Фақат бемор муассасада ётиб қолмасдан, муолажаларни ҳар куни келиб, қатнаб олади.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик ҳолати мониторинг натижаларига кўра, Сирдарё вилояти тиббиёт муассасаларида 68 минг нафардан зиёд бемор бюджет ҳисобидан даволанган. Шундан 4 минг 281 нафарида жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА