Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат стандартлари бузилмасин
11:58 / 2026-02-18

Бухоро вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси Бухоро тумани ҳудудида навбатдаги режали назорат тадбирларини амалга оширди.

Назорат жараёнида Бухоро тумани ҳудудида жойлашган “G.C” турар-жой мажмуасида “Ҳ” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли турар-жой биносида бир қатор жиддий қурилиш-меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилгани аниқланди. Инспекция мутахассислари томонидан ўтказилган кўрик ва техник таҳлиллар натижасида объектда қурилиш ишлари белгиланган стандарт ва техник регламентларга тўлиқ мувофиқ ҳолда олиб борилмаётгани маълум бўлди.

  

Хусусан, назорат давомида қурилиш жараёнида сифат стандартларига жавоб бермайдиган ғишт маҳсулотларидан фойдаланилгани, конструкцияларда қўлланилган темир арматураларнинг занглаган ҳолатда экани, бу эса бинонинг мустаҳкамлиги ва узоқ муддатли барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, қурилишда ишлатилган бетон плита маҳсулотларининг амалдаги қурилиш-меъёрий ҳужжатлар, техник регламентлар ва давлат стандартларига мос келмаслиги каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда иншоотнинг конструктив барқарорлигига, эксплуатация хавфсизлигига ҳамда келгусида ундан фойдаланувчи аҳоли ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боисдан, аниқланган қоидабузарликлар юзасидан қурувчи ташкилот – “Ҳ” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда расмий ёзма огоҳлантириш расмийлаштирилди ҳамда қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича аниқ техник кўрсатмалар, талаблар ва муддатлар белгиланди.

Инспекция талабларига мувофиқ равишда камчиликлар жойида бартараф этилди: сифатсиз қурилиш материаллари олиб ташланиб, меъёрий талабларга жавоб берадиган материаллар билан алмаштирилди, занглаган арматура конструкциялари янгиланди, стандартларга жавоб бермайдиган бетон элементлари қайта кўриб чиқилди. Қурилиш жараёни техник назорат асосида қайта ташкил этилди.

Шу билан бирга, мазкур объектда олиб борилаётган қурилиш ишлари алоҳида назорат режимига олинди. Инспекция томонидан доимий мониторинг ўтказиб бориш, қурилиш жараёнининг ҳар бир босқичини текшириш, қўлланилаётган материаллар сифати, технологиялар ҳамда иш жараёнларининг меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини мунтазам баҳолаб бориш белгиланди. Қурилиш ишларини фақат амалдаги қонунчилик, техник регламентлар ва давлат стандартларига тўлиқ мувофиқ ҳолда давом эттириш қатъий талаб сифатида белгилаб қўйилди.

Инспекция томонидан олиб борилаётган бундай тизимли назорат ишлари қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлардан биридир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири