Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Балиқчиликка оид 76 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда
08:20 / 2018-10-19

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси аҳолининг витамин ва микроэлементларга бой балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси аҳолининг витамин ва микроэлементларга бой балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳани амалга оширмоқда.

Лойиҳа натижасида жорий йилнинг якунига қадар 18 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга кўп балиқ етказиб берилиши кутилмоқда. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 мартдаги 124-сонли қарорига асосан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг балиқ ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва самарали бошқаришни ташкил этиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга комплекс ёндашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ташкил этилган. 

Ҳозирда мазкур ҳудуднинг умумий майдони 370 минг гектарга тенг бўлиб, узунлиги 180 км, кенглиги ўртача 21 км, энг чуқур жойи эса 45 метрни ташкил қилмоқда. Кўллар тизимида кўплаб оролчалар ҳамда қуруқликлар мавжуд. 

Давлат солиқ қўмитаси ривожланган мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш мақсадида Хитой, Туркия, Вьетнам, Франция, Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан лаборатория ускуналари ва серҳосил балиқ турлари олиб келинаётган бўлса, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда балиқларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш, Бирлашган Араб Амирликлари билан қафас (садок) мосламаларида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда Саудия Арабистони билан табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича ҳамкорликдаги қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. 

– Мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантириш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлар аҳолининг оқсилга бой маҳсулотларга бўлган талабини қондириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, – дейди “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК директори Илҳом Бегмирзаев. – Бунга яқин истиқболда қабул қилиниши кутилаётган Президентимизнинг “Балиқчилик соҳасини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрлангани ёрқин мисолдир. 

Бугунги кунда республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда нафақат унинг миқдор кўрсаткичи, балки саломатлигига зиён етмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, “Айдар-Арнасой кўллар тизими”да кўпайтирилаётган балиқларни касаллик ва бактериялардан муносиб ҳимоя қилиш чора-тадбирлари устувор аҳамиятга эга бўлмоқда. 

Шу билан бирга, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳудуддаги балиқчилар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш, истиқболли хўжаликларни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида инвестициялар фаол жалб этилмоқда. Бу орқали “Айдар-Арнасой кўллар тизими”нинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий технологиялар ҳамда жиҳозлар билан таъминланмоқда. 

Кўллар тизимини тўлиқ балиқлантириш имкониятига эга бўлган 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқ чавоқларини етиштириш ҳамда 500 гектар ер майдонида балиқ чавоқларини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида дирекциянинг автопарки шакллантирилди. Хусусан, кредит маблағлари ҳисобидан 3 дона “ISUZU” автомашинаси (2 дона юк ва 1 дона музлаткичли), 1 дона фронтал юклагич, 1 дона бульдозер, 2 дона “MAN” русумли автосамосвал ва 4 дона трактор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги агрегатлари харид қилинди. Қўшимча равишда 3 та эксковатор, балиқ чавоқлари ва балиқларни ташиш учун махсус автомашина, музлаткичли юк автомобилига ҳам буюртма берилган. 

Тўлиқ тизимли инкубация цехлари, балиқ етиштириладиган парваришхоналар ҳамда балиқ ўстириш ҳавзалари, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, махсус техника воситалари сотиб олиш, балиқни қайта ишлаш, қадоқлаш, балиқ уни ва ем ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қўшимча кредит линиялари ўзлаштирилиши мақсад қилинган. 
Ҳозирда кўллар тизимини балиқлантириш учун 5,2 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Шунингдек, октябрь-ноябрь ойларида режадаги 7 миллион дона балиқ чавоқлари кўллар тизимига ташланади. Жорий йил якунига қадар режадаги 100 гектар сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Тўлиқ тизимли инкубация цехининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида бўлиб, йил якунига қадар шай ҳолатга келтирилади. 

Эътиборлиси, интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш учун шу ернинг ўзида қафас (садок) мосламалари тайёрлайдиган ишлаб чиқариш цехи барпо этилди. 

Арнасой кўли атрофида 2 дона ҳар бирининг сиғими 25 куб метр бўлган балиқларни сақлаш музлаткичлари ташкил қилинди. 

Россия Федерациясининг “Тюмень судокомплект” заводидан келтирилган 2 дона катта катер учун причаль қурилмоқда. 

Шу кунгача кўллар тизимида 477 янги иш ўрни яратилган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида меҳнат қилаётган ишчилар сони 2000 нафарга етказилиши режалаштирилган. 

Кўллар тизимидаги табиий сув ҳавзаларида электр ёрдамида балиқ овлаш авж олганлиги, балиқ захирасига ва унинг насл беришига жиддий зиён етказиши боис браконьерликка қарши курашиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Прокуратура ҳузуридаги департамент ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган. 

Акмал Назаров